Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума: КЎЗ — КЎЗ ЁЛҒОНДАНДИР, БИЛИМ ТАНГРИДАН…
Очунни кезиб тур, кўз — кўзга кўра
Эркиндан эркиндир бесаноқ ўлка.
Қай йўл эркка элтар? Барчадан сўра,
Ҳатто полислар ҳам қисади елка.
Сўра, қайси йўлдан етса бўлади,
Мен чанқоқдан — чанқоқ ҳақиқат сари?!
Қайда тўғрисини айтса бўлади,
Еру — кўкни қамраб чақмоқ сингари?!
Юртлар кўп, йўллар кўп — теп-текис равон,
Озодликка, ҳаққа элтмас ҳеч бири.
Бари ишхонага боради ,аён,
Борар гўристонга, сотилар гўри…
Ақлдан озмасдан ўйлагин энди,
Дейсан чиндан чинда тўхтаминг теран:
Кўз — кўзда Озодкент бошқача эди,
Кўрганда Озодкент бошқача экан…
Нарсалар мос келмас кўз-кўзларига,
Кимсалар мос келмас кўз-кўзларига.
Кўз — кўзлар кўзлари юмиқлар учун,
Ўлкалар мос келмас кўз-кўзларига…
Қайси кентда кўча тўла адолат?!
Қайси кентда кўча тўла эрк бордир?!
Еридан то кўкигача разолат,
Хор бўлса ҳақиқат, озодлик хордир.
Ўрганар кўзсизлар кўз-кўздан, ойдин,
Ўрганар очиқкўз билимдан теран.
Кўз-кўзда бошқача эди бу очун,
Кўрганда бу очун бошқача экан…
Эсли ким — ўрганиш йўлига кирган,
Фарқлаган эслини, эсдан айридан.
Кўз-кўздан ўрганма,билимдан ўрган.
Кўз-кўз ёлғондандир, билим Тангридан.
2023 йил, 27 март.
* * * * *
Ўзгалар юкини кўтарсам бир оз,
Бу учун ёзмагин савоб, илтимос!
Ҳеч не тиламайман бировлар боис,
Ўзингдан ёз, Тангрим, чексиз — чексиз ёз!!!
2023 йил.
* * * * *
Қўлла деб қўллашига шубҳанг бўлса, демак, зор,
Тангрига ишончингда шубҳасиз шубҳаси бор.
Қўллаши шубҳалидир шубҳа билан сўрасанг,
Шубҳасиз сўраганни шубҳасиз қўллайди — ёр.
