Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума: СЎЗ АЙТСАНГ — ШОНИ КЎП БЎЛСИН, ОСТИДА КОНИ КЎП БЎЛСИН: СЎЗЛАРИНГДА СЎЗ СОНИДАН — ҲИКМАТНИНГ СОНИ КЎП БЎЛСИН!!!…
Йўқ ёмонга ўлим, яхшига турум,
Эски чиндан чин бу, валекин маълум:
Тангрим ўлмайдику яхши бўлса ҳам
Тангрим мангуликда яшарку муқим…
2023 йил, 14 март.
* * * * *
Отангнинг юзига югурдингми — дод,
Нодон, болангдан бўл энди эҳтиёт.
Онангнинг юзига югурдингми, бас,
Сенга ҳушёрлик ҳам бермайди нажот…
2023 йил, 14 март.
* * * * *
Ҳеч кимга озор бермай деб юраман йўл чеккасида,
Яшайман очун четининг энг четдаги кулбасида.
Лек мени барча қопмоқчи, қутузлар тиши етмайди —
Тангримга ишончимдаман — Тангримнинг кўланкасида!
2023 йил, 15 март.
* * * * *
Қўрқоқлигинг жазосини қўрқоқлигингдан оласан,
Аҳмоқлигинг жазосини аҳмоқлигиндан оласан.
Эр бўлмайсан, эрк кўрмайсан, ер — кўкдан ер — кўк кўрмайсан,
Ялтоқлигинг жазосини ялтоқлигингдан оласан.
Барча бало феълингдадир,барча бало белингдадир,
Олчоқлигинг жазосини олчоқлигиндан оласан.
Болангнинг ичи феълингдан, болангнинг сирти — белингдан,
Чатоқлигинг жазосини чатоқлигингдан оласан.
Ўзинг — ошинг, ошингни ер — ўз бошинг ўз бошингни ер,
Кўёқлигинг жазосини кўёқлигингдан оласан.
Ҳар битта ёмон қилмишинг — Тангридан йироқ бўлишинг,
Қулоқлигинг жазосини қулоқлигингдан оласан.
Ўзига дўст — ягона бўл, бас, Юсуф, бас, мардона бўл,
Иноқлигинг сазосини иноқлигингдан оласан.
Тушунтириш: Сазо — эваз, мукофот.
15 март, 2023 йил.
* * * * *
Бошимда барча — гавжум,
Бағримда барча — гавжум.
Дардимда битта ўзим,
Ғамимда битта ўзим.
Қон — ҳатто устихоним,
Қонимда битта ўзим.
Тақдир — қон — чиққан жоним —
Ёнимда битта ўзим.
Куйчисиман — ёлғиз — хор,
Номард,нодон галанинг.
Имкон берса БируБор
Дорга тортсам ҳаммани!…
Юртим менгзайди менга,
Бошида ёғий — қўшин,
Бағрида барча сотқин,
Талаб ётибди очун.
Ҳеч ким йўқдир дардида,
Ҳеч ким йўқдир ғамида.
Тангрим, дунёни топшир
Темурбекнинг дамига!!!
2023 йил, 14 март.
