Юсуф Жума: ТАМУҒНИ ДОДИМДАН ҚУРИБ, ТАМУҒ БИЛАН ҚЎРҚИТАСАН…

Бу очунинг учмоқмиди,
Тамуғ билан қўрқитасан?!
Толе менга иноқмиди,
Тамуғ билан қўрқитасан?!

Айрилиқда ўтар ҳар кун,
Чекаман ҳар дамда минг ун,
Ҳар оҳимга дўзах — ўтин,
Тамуғ билан қўрқитасан.

Йиғилса барча жаҳаннам —
Бўлмас соғинчидан бир дам,
Бағритош сенми ё санам,
Тамуғ билан қўрқитасан?!

Турмуш қайноқ дудоғими,
Умрим қаймоқ ёноғими,
Очун учмоқ оёғими,
Тамуғ билан қўрқитасан?!

Кечир,мендан ўтган бўлса,
Оғир — сендан ўтган бўлса —
Тақдир жондан ўтган бўлса,
Тамуғ билан қўрқитасан?!

Ҳа, ёт — ҳаётимдан қуриб —
Ўзимга ётимдан қуриб —
Тамуғни додимдан қуриб,
Тамуғ билан қўрқитасан?!

Мени ўзгадан узоқ эт,
Мени Ўзингда ўтроқ эт,
Менга ўзидан учмоқ эт,
Тамуғ билан қўрқитасан?!
Билдириш: Тамуғ — дўзах.

2023 йил, 5 март.

* * * * *

Барчадан қолганда ожиз,
Барча сенга сабоқ берар.
Ҳолсиз йўлбарс, барча — қутуз,
Барча сенга сабоқ берар.

Кучдан қолган, бургут — дарға,
Сени ўқитади — ғўра —
Тухум ичидаги қарға,
Барча сенга сабоқ берар.

Ўсалмисан, билар — кўрар,
Тилсиз эшак тилга кирар,
Жасоратдан лофлар урар,
Барча сенга сабоқ берар.

Ёвуз аждар бўлсанг — сен тоқ,
Ҳамма сенга осар қулоқ,
Йўқса, шўрлик, ҳолинг чатоқ,
Барча сенга сабоқ берар.

Ёвузликни билим дерлар,
Ёвузларни олим дерлар,
Ожизларни ош — ем дерлар,
Барча сенга сабоқ берар.

Эзгин этди нечун бундоқ,
Юсуф, қонга бўл деб чанқоқ,
Қонга қон деб келганда чоғ,
Барча сенга сабоқ берар.

2023 йил,7 март.