Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума: ЎЛИГИМНИ КЎМАЙМИ Ё КЕЛИБ ТИРИЛТИРАСАНМИ?!…
Ўлган эдим – кетган чоғинг,
Ўлдирди бир дамлик доғинг,
Ўлигимни кўмайми ё
Келиб тирилтирасанми?!
Хушбўйинг келса ҳам, боғим,
Тирилтирар – исинг – соғим.
Ўлигимни кўмайми ё
Келиб тирилтирасанми?!
Қароғинг келса ҳам – жоним,
Дудоғинг келса ҳам – жоним,
Ёноғинг келса ҳам – жоним,
Сақоғинг келса ҳам – жоним,
Қучоғинг келса ҳам – жоним,
Оёғинг келса ҳам – жоним,
Ўлигимни кўмайми ё
Келиб тирилтирасанми?!
Зардолинг келса ҳам – жоним,
Қаролинг келса ҳам – жоним,
Анорингми, олмангми ё
Шафтолинг келса ҳам – жоним.
Юзингнинг куними, қошинг
Ҳилоли келса ҳам – жоним.
Ўлигимни кўмайми ё
Келиб тирилтирасанми?!
Ўлигим ҳам – оташ, кўмсам,
Вулқон бўлиб отилади.
Очиқ кетган кўзларим қон –
Уммон бўлиб отилади.
Севгимнинг кўлами кенгдир –
Осмон бўлиб отилади.
Ўлигимни кўмайми ё
Келиб тирилтирасанми?!
Ўзининг кўшки силкинар,
Кўклар ушалиб тўкилар.
Эзилиб ўн саккиз минг қон
Очун мой бикин ёқилар.
Бундан кўра келганинг соз,
Тангри олқиши ёғилар.
Ўлигимни кўмайми ё
Келиб тирилтирасанми?!
2023 йил, 2 март.
* * * * *
Ўзим ўз жонимга кет дер,
Кет, келма ҳеч қачон дейди.
Менинг жоним сен эмассан,
Менинг жоним – жонон, дейди.
Ўзим ўз кўнглимга кет дер,
Мендан кетгин, юрак, дейди.
Сен юрагим эмасдирсан,
Чин юрагим – малак, дейди.
Кет дер ўз бағримга ўзим,
Сен менга ёт жигар, дейди.
Йўқол, куним битмасидан
Келсин жигар – дилбар, дейди.
Ўзим эмас деб ўзимдан
Ўзимни ўзим ҳайдайди.
Дейди: – ўзим – Ўзи – Тангрим –
Суйганим қайда, қайдадир?!…
2023 йил, 2 март.
