Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума: ҲАҚИҚАТ ҲАҚИДА ҲАҚИҚАТЛАР…
Шундоқ бир қилмишлар борки,
Кўп ноўрин ишлар борки,
Бир ерда жиноят бўлса,
Бошқа ерда саодатдир.
Лекин ҳақиқатни сўйлаш
Барча ерда жиноятдир.
Қайдадир Тангрининг дини
Топталади — разолатдир.
Қайдадир қораланади,
Қайдадир эрк — адолатдир.
Фақат ҳақиқатни сўйлаш
Барча ерда жиноятдир.
Дема сенинг сўзинг — ёлғон,
Чинни битдим, жоним омон.
Демак, чинни сўйламабсан,
Чин — тубсизлик остида кон.
Тангрига етишдай қийин,
Оқиллар етолмайин қон.
Юзаки чинларни сўйлаб,
Ҳар ким ўзича қаҳрамон.
Юзаки чин — юзаки эрк,
Не — не тузумлар учун кўрк.
Чинакам чин — чинакам эрк
Тангридан ўзга ерда йўқ.
Юзаки ҳақ ҳам ер юзи
Узра танқис — саодатдир.
Чиндан чинни сўйлаш — Чиндан
Бошқа ерда жиноятдир.
Одамзот эси қанчалик
Сайёз бўлса, чин шунчалик
Чуқурда — чуқурдан чуқур —
Ор — номусчалик — Чинчалик!!!
Одамзот эсим бор деган
Энг эси паст жонзот тури.
Оққушлар чексиз вафодор,
Вафодорман дерми бири?!
Нечун бундоқ очун қурди,
Улуғ Тангри — буюк эсли?!
Инсон унга қарши юрди,
Нодон, қўрқоқ, юмиқ кўзли.
Тентакликдир қутуришнинг
Енгил тури — билиш енгил.
Нодонликдир қутузликнинг
Оғир тури — билинмас,бил.
Демократия надир —
Чиройли кийинган зулм.
Диктатура нима — илға —
Қип яланғоч зулм — тузум…
Юзаки чин ҳам ер юзи
Узра танқис — саодатдир.
Чиндан чинни сўйлаш — Чиндан
Бошқа ерда жиноятдир.
2023 йил, 1 март.
* * * * *
Тангрим, кўп имконлар — кўп йўллар бердинг,
Орасида яша деб гўллар бердинг.
Аҳмоқлар ичида яшаш — имконим,
Қўрқоқлар ичида яшаш — имконим.
Эшак галасига сайроқи бўлдим,
Кўршапалакларнинг байроғи бўлдим.
Сотқинлар ичида куймоққа қанча
Йўллар бўлса бердинг — йўли кўп мунча?!
Жонни бор балога қўйдинг қантариб.
Бердинг неки имкон — олгин қайтариб.
Ўчдан бошқа ерда эрк йўқ, эрк бер, Бир,
Менга қириб ташлаш имконини бер!!!
2023 йил, 1 март.
