Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума: ШУҒУЛЛАНСИН ҲАР КИМ АҚЛИ ЕТГАН ИШ БИЛАН!
Шуғулланса ақли етган иш билан ҳар ким:
Бўм — бўш қолар президент ўрни ҳар юртда.
Ҳокимларнинг ўрнида ҳам бўм — бўшлик ҳоким,
Бўм — бўш қолар вазирларнинг ўрни албатта.
Шуғулланса ақли етган иш билан ҳар жон:
Қозиларнинг ўрни бўшар бутун очунда.
Бўм — бўш қолар қаламкашлар ўрни бегумон,
Бўм — бўш қолар диндорларнинг ўрни ҳар динда.
Тағин қайта тўғилгунча Афлотун, Суқрот,
Минбарлар бўш — индамасди — одамзот бесас.
Оппоқ қоғоз тентаклардан бўларди озод —
Ёзмасдилар биз эмас деб — Валмаки, Вяс…
Шуғулланса ҳар ким ақли етган иш билан —
Кўпаярди зиндонлару тутқунлар сони.
Кўпаярди — тентакхона, Ер — тентакистон,
Ўрни бўшар — шумқадамли телба осмонинг…
2021 йил, 3 ноябрь.
* * * * *
Эр султон сотқинларни
Қиришга этди қарор.
Бош Вазир дер — юрт бўйлаб
Дор тиклаш шартдир қатор!
Эр дер — бу қандоқ кенгаш —
Юртда қолмаску дарахт.
Бор хоин бир япроққа
Арзийдими, қани айт?!
Бош саркарда дедики —
Битта дор ҳам етарли.
Битта — битта осамиз,
Бардошимиз етади.
Эр дер — кесамиз нечун
Битта бўлса ҳам ёғоч?!
Қуриган хода чўпдан
Қозиқ этинг бир қулоч!
Ҳар бирин бир қозиққа
Ўтиртирсак — соз сабоқ —
Сотқинсизлик — ҳамиша
Ёғий бўйнида сиртмоқ!
Юсуф дер — ҳар хоинга
Бир қозиқ кўп — зиёда.
Тежаб ўтин этсак ё
Молни боғласак фойда.
Юртим сотқинхонадир,
Суқман — ўчга — озиққа.
Ўтирарлар бирма — бир
Бир берган бир қозиққа…
2021 йил, 5 ноябрь.
* * * * *
Ошингнинг гурунчи ёғий тошидан,
Дўст — ёр тепкисидан синган тишингдан.
Жигаркабоб ейсан — ўз жигарингдан,
Ғаминг жиз едирар доғли тўшингдан.
Ҳар куни сўясан ўзингни ўзинг,
Турмушинг — кушхона, ризқинг — лошингдан.
Тақдирингни битган нодонлигингдир,
Ёзув белгилари бор қилмишингдан.
Дўсту — ёр танлашда адашган — тентак,
Адашдинг, балолар келди эшингдан.
Этди каллашўрва каллангни калланг,
Ҳар дамда бўкасан нодон бошингдан.
Юрт — қутсиз, эл — бахтсиз, сен-чи, омадсиз,
Вафосизлар қонди йигит ёшингдан.
Тўғри танлагандинг йўлни — ҳақ йўли —
Тангрининг ишидир — қолма ишингдан.
Юсуф, тушкунликни енгган — эрйигит,
Фожеаларни енг, бошла бошидан…
2021йил, 9 ноябрь.
* * * * *
Гарчи эдим бургут боласи,
Эшакларга қолардим қойил:
Бошларида довруқ чилласи —
Чанг — чунглари кўкка олган йўл.
Дер эдилар: — юрганингда чанг
Чиқмадими — эмассан учқур.
Сендан йўрға чиқмайди, аттанг,
Биздан ўрган — биздай шонли юр!
Эшак элнинг йўрғаларимиз,
Донггимиз бу — бор унвонимиз!
Ўргатгандек дарғаларимиз —
Осмонларда чанг тўзонимиз!..
Мен кўкларга етардим, лекин
Чанг чиқмасди — уринмай қанча.
Яшар эдим ғуссага тутуқун,
Кеч англадим — панд берган барча…
Бари ўтди, йўқ чангли давра,
Қўмсашлардан оғримоқдаман.
Мен полопон, улар ёш йўрға
Чоғимизни соғинмоқдаман…
2021 йил, 7 ноябрь.
