Юсуф Жума: Туркистон қаҳрамони Ботир Норбойга

ЭЛ -ЮРТ доғи боис дил доғларига,
Шу доғлари еди Ботир Норбойни.
Кураш майдонида – жанг чоғларида
Ўрни катта эди Ботир Норбойнинг.

Курашлардан келган шон даврасида
Унга бермасдилар тариқчалик жой.
Четда – бўсағанинг энг чеккасида
Жилмайиб турарди эр – Ботир Норбой…

Даврада қўр тўккан бир гала сотқин –
Урар пуч – юраксиз кўкракларига.
Жангда ўринсизлар ўриндор – мамнун,
Элни ишонтириб эртакларига…

Жангга кирмай – зинҳор талашманг ўлжа,
Унутманг, номардлар! Унутманг, барча :
Кураш чоғи бўлса – ўрнинггиз қанча –
Донг -номус кўшкида ўрнинггиз шунча!

Сўзим – Бош судянинг – Тангрининг сўзи –
Эй аҳли номуссиз, даврадан кетинг!
Улуғ Ботир Норбой – ёп – ёруғ юзли,
Шон – шараф кўшкининг тўрига ўтинг!!!

2021 йил, 21 июль.

* * * * *

Турон, ота юртим, бошимдир – пойинг,

Армоним – армонинг, войимдир – войинг.

Иккита бўлмади битта ботиринг –

Иккинчиси йўқдир Ботир Норбойнинг!

2018 йил, 9 июль.

* * * * *

Қон кўнглим, ўртанма – тиғланган тойдек,

Куртаклар жилмайди Ботир Норбойдек.

Руҳим, ерга чўкма – тош қотган лойдек,

Куртаклар жилмайди Ботир Норбойдек.

Курашиб бўлмас деб сотқин эл билан –

Ичида чўғи йўқ аҳли кул билан,

Эр баҳорга кўчган оқ кўнгил билан –

Куртаклар жилмайди Ботир Норбойдек.

Куртаклар – кўнглининг талқонларидир –

Очунни яшнатиш армонланидир,

Кўклам – Туркистону Туронларидир,

Куртаклар жилмайди Ботир Норбойдек.

Қанча овунтирмай юрагим абгор –

Худдики гуллаган ол щафтолизор –

Қип-қизил жилмайган яралари бор –

Куртаклар жилмайди Ботир Норбойдек….

2019 йил, 8 апрель.