Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума: Ўғлини осиш учун осмонўпар дор тиклаган ота тўғрисида ривоят
Ўғлини осиш учун осмонўпар дор тиклаган ота тўғрисида ривоят
Уч ўғилни уч ота
Олиб келди оқилга –
Этар тўғри башорат –
Адашмасдан минг йилга…
Бири деди: – Улуғвор
Тангри сояси – доно!
Ўғлимни ўстирганман –
Бўлсин деб юртга подшо…
Боланинг манглайига
Тикилиб деди билган –
Ўғлинг бўлмас ҳукмдор,
Тўғри келмас бу элга…
Иккинчи эр мақташга
Лойиқ зотни мақтади.
Ўғлим шоҳ бўларми деб
Сукут ичра тўхтади.
Йўқ – йўқ! – деди донишманд, –
Фарзандинг бўлмас тождор.
Учинчи кишига дер: –
Боланг бўлар ҳукмдор!
Икки ота ўкинди,
Учинчи ота дер – дод!
Ўксинганлар дедилар –
Ўғлинг шоҳ бўлар – бўл шод!!!
Фиғон чекканча ота
Ташқарига югурди.
Куни бўйи фиғонда
Осмонўпар дор қурди.
Боласи – йигитчани
Келтирди дор остига.
– Осаман! Шоҳ бўлгунча
Кўмилсин ер остига!!!
– Нечун?! – деди оломон –
Додига тўпланганлар.
Подшо бўлса – бахтингку,
Кўп йўлин топмаганлар?!
Ўкинган икки ота
Келди эрнинг ёнига –
Биз дод десак бўлади –
Қолдик дил армонида.
Шоҳ бўлсин деб ўстирдик ,
Тақдир кўрмаскан раво.
Эр дер – болаларингнинг
Бири эр, бири доно!
Бетларидан аёндир ,
Қутлидирсизлар мунча?!
Бачча элга ҳукмдор
Бўлувчи бўлур бачча…
2021 йил, 30 май.
