Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Юсуф Жума: Ҳаммага насиҳатларим!
Алексей Навальнийга!
Тўртдан бири ўрис элининг
Оқ – қорани танийдиган эл.
Ўлимини бўйнига олиб,
Эрк йўлини танлайдиган эл.
Кўзи очиқ бундоқ халқ учун
Зиндонларда ётсанг арзийди.
Эсиз мен ҳам бўлганман тутқун ,
Шундоқ элим бўлса қанийди?!
Нетай – қавмим ётдир номусга,
Нетай – ёвнинг шотири бўлса?!
Тўртдан бири эмас, улусда
Тўртта оқил ботири бўлса…
2021 йил, 28 май.
* * * * *
Буюк тилаклар борки – ёлғиз етиб бўлмайди,
Зўр бўлсанг ҳам бир очун ёвни отиб бўлмайди.
Энг улуғ эр этувчи ишни этишинг мумкин,
Энг улуғ эл этувчи ишни этиб бўлмайди.
2021йил, 29 май.
* * * * *
Кетдик ошга – десанг, барча йўлдошинг.
Кетдик ишга – десанг, барча йўлдошинг.
Кетдик эркка! – десанг, бир эр чиқарми –
Бутун элдан бир мард жонни тикарми?!
Кетдик қуликка! – де, ҳамма эргашар.
Ёвга қуллуққа! – де, ҳамма эргашар.
Кетдик майдонга! – де, чиқарми бир эш?!
Кетдик имонга! – де, ким кўтарар бош?!
Иркит шоҳни ялаш бизга – дегин – дин!
Ҳамманинг сўлаги оқиши тайин.
Кетдик ор – шонга! – де, бир эр чиқарми?!
Кетдик Туронга! – де, бир эр чиқарми?!
Тангри бундоқ элга берарми омон ,
Берарми озодлик?! беради қирон…
2021 йил, 29 май.
* * * * *
Дедилар – бир кентда бир эр бор ,
Дардлашай деб юртдан, от солдим.
Деди: кут, ош тотмоғим даркор…
Гаплашмасдан гаплашиб бўлдим.
Дедилар – бир улуғ бор – доно,
Елни доғда қолдириб елдим.
Деди: – қонман, йўқламас подшо,
Гаплашмасдан гаплашиб бўлдим.
Кимга бир сўз айтибман – эсиз –
Пушаймондан минг карра ўлдим.
Одамзотдан қочаман – сўзсиз –
Гаплашмасдан гаплашиб бўлдим…
2021 йил , 29 май.
* * * * *
Ё раббий, қачонгача қараб турасан?!
Ҳаётимни шу йиртқичлардан халос қил!
Ҳазрати Довуд.
Ҳиммат этма – ҳимматсизларга,
Ҳиммат этиб – мен нима бўлдим?!
Шавқат этма – шавқатсизларга,
Шавқат этиб – мен нима бўлдим?!
Гар қумусқа чақиши аён –
Ўлдир уни! Бермагин омон,
Аждар бўлди бағримда илон,
Тоқат этиб – мен нима бўлдим?!
Меҳр сочдим барчага бирдай ,
Ҳар биттаси йўлимда жардай,
Ютаман дер ёрилган ердай,
Иззат этиб – мен нима бўлдим?!
Инсоният – оч йиртқич тўпор,
Ёвузини қирса БируБор,
Бир яхшиси қолса – тикла дор,
Шавқат этиб – мен нима бўлдим?!!!
Ҳар жон боши, осмон – аждаҳо,
Томошабин Тангри ҳам ҳатто –
Кўп юкиндим – этмади парво,
Тоат этиб – мен нима бўлдим?!
2021 йил , 29 май.
* * * * *
Ёшлигим ўтдими – кучим синдими,
Бетимга боқмагин, отимга боққин –
Ўт учқуни эмас, Тангри учқуни !!!
Бетимга боқмагин, отимга боққин!
Кўкларни ҳуркитар – тулпорим дами,
Чақнаган чақинлар – дамининг шами,
Ўзига интилар ёғдунинг жами,
Бетимга боқмагин, отимга боққин!
Суйганинг ёш бўлса демак сен ёшсан,
Севганим – эрку ҳақ – ёшдан ҳам ёшман,
Севгидан бош – оёқ ўтман, оташман,
Бетимга боқмагин, отимга боққин !
Олов кучайганда – кучаяр тутун,
Тутуним тўлқини – юзим – серажин,
Дуссага боқмагин, ўтга боқ – ойдин ,
Бетимга боқмагин, отимга боққин!
Озодлик – ҳақиқат – Ўзининг мулки –
Ўзидир – Ўзининг муборак кўрки!
Қартаярми Тангри – Тангридан кўчки ?!!!
Бетимга боқмагин, отимга боққин!!!
2021 йил, 29 май.
