Воқеаларни тўғри тушунишга ўрганинг. Акс ҳола қулликдан чиқолмаймиз.

Мустақиллик арафасидаги йиллар ва мустақилликдан кейинги ойларда бўлган сиёсий воқелар ҳамда жараёнларнинг мутлақо кўпчилигида биз ташқи кўринишидангина мағлубиятга учраганмиз, моҳиятан эса, ҳар доим ғолиб бўлганмиз.

Уларнинг ҳаммасини санаб ўтирмайман, бир нечта муҳимларини тилга оламан.

 * * *

 Мустақилликдан кейин, «Эрк” партияси рўйхатга олиниб, Тошкент марказида муҳташам бино унга қароргоҳ сифатида берилганда, унинг раҳбарлари оддий халқ ичида ҳокимият рамзи ҳисобланадиган қора “Волга”ларга ўтириб олишганда, “Бирлик” ҳаракат сифатида рўхатга олинса ҳам, бутун илтимос ва талабларимизга қарамасдан, бизга офис сифатида битта хона ҳам берилмаган. Аммо, айнан шу сабабли, биз моҳиятан ғолиб эдик.

1991 йил 19 декабрда ўтказилган биринчи президент сайловида иштирок этиш ҳаққи мухолифатдан “Эрк” партиясигагина берилди. “Бирлик”ни партия сифатида рўйхатдан ўтказиш учун қаттиқ ҳаракат қилдик. Умримдан қилмаган ишни қилиб, яширинча Адлия вазири Муҳаммадбобир Маликов билан унинг уйига бориб гаплашдим. Ислом Каримовнинг талабига қарамасдан бизни рўйхатдан ўтказса, тарихда қоладиган қаҳрамонга айланиши, вақтинча ишдан ҳайдалса ҳам, келажакда бундан ҳам буюк мансабларга ўтиши муқаррар эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Аммо, у киши кичик қизи оғир касал эканини, уни фақатгина ҳукумат одамларига қарайдиган медицина муассасалари доирасида даволаш мумкин эканлигини гапириб, вақтинча бўлса ҳам ҳукуматдан кетолмаслигини айтишдан нарига ўтмади.

Ўша сайловни кузатиш учун Ўзбекистонга келган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг махсус гуруҳи ўз ҳисоботида бу сайловдаги энг катта қонун бузилиши – “Бирлик” номзодининг сайловда иштирок этишга йўл берилмаганидир, деб айтган. Бу расмий ҳужжат тарихда қолади.

Гап бу ҳужжатда эмас, гап у ҳақиқатни ёзганидадир. Яъни, бу сайловда ҳам биз ғолиб бўлганимизниннг таъкиданишидадир.

Сайловдан кейин мухолифатни бирлаштириш учун сўнгги ҳаракатни бошладик. Аввалги хотираларимда ёзилганидек, мен касалхонада бўлганим сабабли, бирлаштириш ташаббусини амалга олириш билан “Бирлик”нинг асосчиларидан, ҳозирда марҳум профессор Олим Каримов шуғулланишга бошлади. Аммо, расмий офиси борлиги учун йиғилишларни ўтказиш вазифасини ўз елкасига олган “Эрк” партияси раҳабарлари “шундай қилмасак, ҳукумат офисимиз биносини олиб қўймоқчи, шунинг учун бу ерга ҳукуматнинг ашаддий душманлари деб ҳисобланган Абдураҳим Пўлатов, Миролим Одилов, Абдуманноб Пўлатов, Муҳаммадамин Нарзиқулов ва Толиб Ёқубовларни киритмаймиз” деб бу бирлашиш ғоясини ўлдирдилар.

Бу бирлашишга қўшилаётган собиқ Бош вазир Шукрулло Мирсаидовни «Эрк» газетасида “Ўғри қариса, мулла бўлади” номли мақола билан ифлосларча қоралаб, Демократик Форум ғоясига катта чормих (крест) қўйдилар. Бундан ҳам муҳими потенциал номенклатура мухолифатининг йўқ қилинишига асос яратдилар. “Эрк” раҳбарларнинг бу қадами уларни тамомийла фош қилиб, партияни ўлим остонасига олиб келди.

Биз эса, у партиядан фарқли ўлароқ, принципиаллигимиз ва ҳукуматнинг ўйинчоғи бўлмаслигимизни намойиш қилиб, яна ғолиб қолдик.

Ўша кезларда сал кам ҳамма собиқ Совет жумҳуриятлари бўйлаб саёҳат қилган АҚШ Давлат Котиби Жеймс Бейкер Тошкентга ҳам келди. Ва ҳеч қаерда қилмаган ишни қилиб, Тошкентда мухолифат лидери сифатида мен билан кўришди. Мен уни “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш масаласи билан шуғулланишга кўндирдим. У ўша куниёқ бизнинг ҳужжатларимизни шахсан ўзи Ислом Каримовга топширгандан кейин, ҳокимият бу иш билан шуғулланишга мажбур бўлган. Иш Олий Судда ҳам кўрилишга бошланди, суд ўз мажлисига Адлия вазири Муҳаммадбобир Маликовни чақириб, нега “Бирлик” Партияси рўйхатдан ўтказилмаётгани хусусида изоҳ сўрашга қарор қилди Бу Ўзбекистондек давлатда ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмайдиган иш эди.

Аммо, биз шунга эришдик, яъни, яна ғолиб бўлмоқда эдик.

Ошкоролик бўлмаган Ўзбекистонда ўзбек халқи ўз тақдири билан боғлиқ бўлган бу ишлар, бу жараёнлардан хабарсиз эди. Аммо, хабари бўла туриб, бизни қўллаб-қувватлаш ўрнига турли шубҳали ўйинлар билан овора бўлган Олий Советдаги баъзи демократ-депутатларни тушуниб бўлмайди. Улар истар-истамас, минг афсуски, ҳукуматнинг тегирмонига сув қўйиш билан шуғулландилар.

Аммо, битта нарса аниқ. Ҳамма ерда моҳиятан “Бирлик” маънавий ғалаба қозонаётгани, келажак уники бўлишини Ислом Карим ва аввал Моcквага тобе бўлиб, энди унинг қўлига ўтган КГБдагилар яхши тушунишарди.