“Бирлик” фаоли невараларининг директори билан танишди ва ўз мақоласини эслади

22 апрель куни невараларим ўқийдиган Жомбой туманидаги 46-ўрта умумтаълим мактабига унга яқинда тайинланган даректор Меҳрибон Шатанова билан танишгани бордим, дейди “Бирлик” Партияси Самарқанд ташкилотининг раиси Холиқназар Ғани. У кишига шу мактаб ўқувчиларидан иккисининг бобоси, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида расман танишаб қўйгани келганлигимни, шунинг учун мени биринчи навбатда янги директорнинг инсон ҳуқуқлари, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ҳукумат томонидан ҳар йили мажбурлаб пахта терими ва таълимга алоқаси бўлмаган бошқа иш-юмушларга жалб қилиниши каби муаммоларга муносабати ва тутажак позицияси қизиқтиришини айтдим. У киши бунга жавобан ўзидан олдин бу ерда директор бўлиб ишлаганлардан қолган ҳужжатлар архивда сақланиб қолгани, мендан шу масалалар бўйича тушган турли мурожаатномаларни катта қизиқиш билан ўқиб ўрганаётганини, у хужжатларнинг ичида айниқса менинг 11.09.1999 да Samarqand” газетасида босилган “Таълм ва пахта” номли мақолам катта қизиқиш ва қониқиш уйғотганини айтди.

Шу муносабат билан бундан 10 йилча аввал ёзилган мақоламни эслар эканман, ҳамма демократларни (мухолифатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиларини) маҳаллий матбуотнинг имкониятларидан фойдаланишга, у ерда ўз фикрларини эълон қилишга интилишга чақираман. Табиий, маҳаллий матбуот истаган нарсангизни босавермайди, лекин босиладиган мавзулар ҳам бор.

Шу баҳона билан “Таълим ва пахта” номли мақоламни “Ҳаракат” сайтининг ўқувчиларига ҳавола қилмоқчиман.

Таълим ва пахта

Ҳар бир шахс билим олиш ҳуқуқига эга. Бу инсоннинг ажралмас, табиий-илоҳий ҳуқуқларидан биридир. Ўзбекистон Ремпубликаси конститутсиясининг 41- моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга” деб ёзиб қўйилганлиги ҳам бежиз эмас. Ўзини билган, ўз келажаги ҳақида ўйлайдиган ҳар бир давлат, миллат ўз фарзандларига бу ҳуқуқдан тўла фойдаланиш имкониятларини яратиб бериши керак. Бинобарин, мактабда дарсни бир соатга бўлсада тўхтатиб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу ёқда уруш кетаётган бўлса ҳам мактабда дарс-машғулот давом этиши керак. Биз ўқитувчилар орасида шундай гап бор: дарс фaқат ўқитувчи ўлиб қолсагина ўз вақтида ўтилмай қолиши мумкин. Бошқа сабаб ё баҳона билан дарснинг ўтилмай қолиши фавқулодда ҳодиса деб ҳисобланиши лозим.

Баъзилар “Ўқитганинг билан ҳамма олим бўлмайди-ку” деган эътирозни айтадилар. Таълим, айниқаси пишиқ-пухта умумий таълим, ўқувчининг келажакда ким булишидан катъи назар халқнинг, жамиятнинг умумий савясини кўтариш учун зарурий шартдир. Баъзи юқори лавозимли раҳбарлар: «мен ҳам ўқувчилик-талабалик давримда пахта терганман, лекин мана улуғ мартабага эришдим-ку» дер эмишлар. Ундайларга жавобан “мактаб ва институтларда ўқишингиз рисоладагидек бўлганда, балким мартабангиз бундан ҳам улуғроқ бўлиб, ўзингиз ёшларнинг, фуқаронинг билим олиш ҳуқуқи ҳурмат қилиниши керклигини яхшироқ билган ва унга амал қилган бўлар эдингиз”, дейиш мумкин. Ўзбекистон, ўзбек халқи илм-маърифат соҳасида нимаики ютуққа эришган бўлса, ўзининг табиий, Худо берган иқтидори билан эришди. Нимагаки эриша олмаган бўлса, ўқувчиларни ўқиш ўрнига пахтазорга ҳайдаб қўйганлиги туфайли бўлди. Илм-фан бобида биз эришишимиз мумкин бўлган, лекин эриша олмаган ютуқ ва марралар, афсуски, талайгина: олимларимиз орасида бирорта ҳам Нобел мукофоти совриндори йўқ, асримиз мўъжизаси бўлмиш компьютер ал-Хоразмий юрти қолиб ўзга элларда ихтиро килинди ва ҳоказо.

Республикамизнинг юксак мартабали адлия ходимлари билан бўлган бир учрашувда Призидент “Мустақиллик нима” деб савол қўйди ва ўзи жавоб берди: “Мустакиллик бу ҳуқуқ демакдир”. Пахта кампаниясининг таълимга ҳалокатли таъсири ҳақида гапирар эканмиз, бунинг ҳуқуқий жиҳатига тўхталмасликнинг иложи йўқ.

“Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида таълим узлуксизлиги таъминланиши ҳақида сўз юритилса, Мехнат Кодексининг 7-моддасида ҳамда давлатимизнинг бош Қомуси – Конституциямизнинг 37 – моддасида мажбурий меҳнат тақиқланиши таъкидланган.

Ҳуқуқий давлат сари одимлаётган мамлакатимизда қонуннинг ана шу талаблари қанчалик бажарилаётганлигини биргина мисол – СамДУ талабаларининг пахта йиғим-теримига жалб қилинилган муддати мисолида кўриш мумкин. 1994 йилда талабалар 64 кун, 1995 йилда 54 кун, 1996 йилда 51 кун, 1997 йилда 57 кун, 1998 йилда 52 кун пахта далаларида ўз қимматли вақтларини ўтказишди.

Ўзбекистон – келажаги буюк давлат. Шу буюк келажакка энг аввало синфхоналарда, аудиторияларда пойдевор куйилади.

Айримлар талабаларнинг ўқишларини тўхтатиб, пахта теримига сафабар қилинишини уларнинг ватарпарлик бурчларини бажариш, деб тушунтиришга ҳаракат қиладилар. Бу мутлақо нотўғри ва зарарли фикр. Талабаларнинг ватанпарварлик бурчи — чуқур ва пухта билимга эга бўлган юксак малакали матахасис бўлиб етишишдир.

Яна баъзиларнинг фикрича ўқувчиларни пахта теримига жалб қилиш улар учун меҳнат талими ролини ўйнар эмиш. Бу ҳам мутлақо нотўғри. Биринчидан, билим олишнинг ўзи машаққатли меҳнат, иккинчидан, ўрта мактабнинг ўқув режасида махсус меҳнат дарси бор.

Энди масалага бошқа томондан қарайлик. Аксарият талаба ва ўқувчиларнинг пахта мажбуриятини «иқтисодий» асослашга ҳаракат қилишади: пахта республиканинг стратегик маҳсулоти, уни йиғиб-териб олишда ҳамма қатнашмаса бўлмайди ва ҳоказо. Бу ҳам мутлақо янглиш фикр. Масала ҳеч ҳам «ё ўқиш ёки пахта» тарзида тургани йўқ. Яъни, ўқувчилар пахтага чиқарилмаса пахта терувсиз қолиб кетади, деган гап нотўғри.

Маълумки, республикада 4 миллион тонна атрофида пахта етиштирилади. Бунча пахтани ҳар қанча қилганда ҳам бизнинг иқлим шароитимизда бир ойдан кам муддатда йиғиштириб олиш мумкин эмас. Терим мавсуми камида 40-50 кунга чўзилиши табиий. 4 миллион тонна пахтани мавсум давомида фaқат қўлда териб олиш учун кунига 50-40 кг пахта терадиган теримчидан 2 миллион киши керак. Ўзбекистоннинг 24 миллион аҳолисидан 65 фоизи, яъни 15,6 миллиони қишлоқда яшайди. Демак, ҳар 7-8 қишлоқликдан бир теримчи пахтага чиқса бирорта ҳам шаҳарликка ва ҳатто қишлоқлик ўқувчиларга ҳам пахтага чиқишга эҳтиёж бўлмайди. Шаҳарлик ишсизларни бу ҳисобга қўшсак-чи?

Пахтага ёрдамчи жалб қилиш удуми қирқинчи йилларда бошланган бў-либ, ўша даврларда бунга ҳақиқатан эҳтиёж бўлган. Чунки эллигинчи йилларнинг охири, олтмишинчи йилларнинг бошларида Ўзбекистон 3 миллион тонна пахта етиштирар эди. Ўшанда республика аҳолисининг нуфуси ҳозиргига нисбатан 4-5 марта кам эди. Ҳозир ҳам пахтакор иши учун ўз вақтида етарли миқдорда ҳақ олса, ўқувчи ва талабаларсиз ҳосилни тез ва соз териб олган бўлар эди. Бунга биз ҳар йилги пахта кампаниясида амин бўламиз.

Пахта кампаниясининг таълим учун яна бир талай салбий оқибатлари борки, улар алоҳида мавзу. Айтайлик, пахта терими ва инсон саломатлиги муаммоси, ўқувчи-талабаларни пахтага олиб чиқиш ва қайтаришда, уларни пахта майдонларига ташиб боришдаги ҳар хил фожиали транспорт ҳодисалари, талаба-ўқувчиларнинг, ўқитувчиларнинг пахта терими даврида улар маънавиятига салбий таъсир қилувчи ҳаракатларга гувоҳ бўлишлари ва ҳоказо.

“Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар таёрлаш миллий дастурида таълимнинг узлуксизлиги асосида унинг миллий моделини яратиш зарурати ҳақида гап боради.

Муъайян билимни эгаллаш учун ҳар қандай қобилиятли ўқувчи учун маълум вақт давомида узлуксиз машқ қилиш талаб этилади. Агар машқ бошлангандан кейин, айтайлик, керакли вақтнинг ярми ўтгач машқни тўхтатиб, орада бир неча ой давомида ўқувчининг фикрини бу машқдан кескин фарқли мазмундаги иш билан банд қилинса ва яна шу машққа қайтилса, табиийки, энди ўқувчига олдинги машқига қайтадан киришиш осон кечмайди ва энди ўша билимни эгаллаш учун аввал керак бўлганидан кўпрок вақт лозим бўлади. Худди шундай мулоҳазани бутун бир фан ёки ўзлаштириши маълум бир даврга мўлжалланган бир неча фандан иборат курс учун ҳам айтиш мумкин. Масалан, ўн ой узлуксиз ўқишга мулжалланган ўқув материалини 8 ой ёки ундан ҳам камроқ вақт ичида ўзлаштириб олишни талаб қилиш мумкин эмас. Яна бир гап. Ўкитувчилар ва талабаларнинг ўқиш-ўқитиш режимига психологик мослашиши жараёни, спорт тилида айтганда, формага кириши камида 10-15 кун давом этади.

Ҳар йилги пахта кампанияси ўқиш жараёнига жуда катта салбий таъсир кўрсатиши “Қайта қуриш“ йилларида жуда кўп айтилди ва ёзилди. Ўша йиллардаги жамоатчилик фикрига хулоса ясаб, “Ўзбекистон тарихи (1917-1993 йиллар)” китобида бундай дейилади: “… Ўқувчиларнинг узоқ вақт пахта теримида бўлиши уларнинг таълим олишига, билимларининг сифатига салбий таъсир ўткаэди, чунки бу нарса халқ таълими органларини ўтказиб юборилган соатлар ўрнини қишки ва баҳорги таътилларни қисқартириш, ўқув йилини узайтириш, бир қанча фанлар бўйича ўтиладиган дарсларни қисқартириш, дастур материалини зичлаштириш ҳисобига тўлдиришдан иборат зарарли йўлдан боришга мажбур қилар эди“.

Менингча, ушбу хулоса ҳар биримиз учун сабоқ бўлиши лозим эди. «Таълим тўғрисида»ги янги Қонунга ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилинишини тақиқловчи ёки чеклаб қўювчи моддалар киритилганда таълим узлуксизлиги тамойилини бузиш ҳоллари олди олинган бўларди. Бу эса Миллий дастурнинг “ривожланган давлатлар даражасидаги… юқори малакали кадрлар таёрлаш Миллий тизимини яратиш”дан иборат мақсадини руёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этарди.

Холиқназар Ғаниев