Қрим татарлари ўз муаммоларини халқаро саҳнага олиб чиқиш йўлида

Украинадаги УНИАН хабар агентлигининг билдиришича, Европа Кенгаши Парламентар Ассамблеясининг (ЕКПА) йиғилишида Украина ҳайъати таркибида қатнашаётган Қрим татарлари Мажлиси раиси Мустафа Жемилев ва унинг биринчи ўринбосари Рифат Чубаров махсус баёнот тарқатиб, ЕКПА вакилини Қримга таклиф қилишган ва у ерда қрим татарларининг муаммолари билан танишишга чақиришган.

Қрим татарларининг асосий қисми ўз она юртига қайтган бўлса ҳам, уларнинг ҳали ечилмаган муаммолари кўп. Муаммоларнинг асосийси – бу ерда ҳали миллий давлат қурилмагани, қрим татралар бу ерда озчилик халқ сифатида яшашаётганидир. Аммо, ҳозир Жемилев ва Чубаров бир хусусий масалага халқаро жамоатчиликнинг диққат-эътиборини тортишмоқчи. Бу ер муаммосидир.

Аввалги хабарларимиздан ҳам маълумки, Қрим автономиясида кўпчиликни ташкил қилувчи русларнинг қўлида бўлган маҳаллий маъмурият қрим татарларига уй қуриш учун ер бермасликка ҳаракат қилмоқда. Яқинда қрим татарларининг рухсатсиз қуриб олган бир қишлоқчаси қуролли кучларнинг иштирокида бузиб ташланган. Қрим татарлари Симферополь марказидаги 8 гектар ер учун ҳам курашишмоқда.

Жемилев ва Чубаровнинг баёноти жуда эҳтиёткорлик билан юмшоқ шаклда ёзилган бўлса ҳам, улар қрим татарларнинг муаммолари ҳал этилмаётганидан катта ташвишдалар ва бу иш халқаро жамоатчиликнинг таъсирисиз битмаслигини тушунмоқдалар.

Қрим татарларига ёрдам қўлини биринчи бўлиб Турк давлатлари чўзиши керак, дейди бу хусусда “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат.

Расмда: Мустафа Жемилев