Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Икки ҳуқуқ ҳимоячисининг шартли жазо муддати битди
“Эзгулик” жамияти Андижон вилоят бўлими раҳбари Саиджаҳон Зайнобиддин тарқатган хабарномага қараганда, “Бирлик” фаоллари Мусажон Бобожон ҳамда Нурмуҳаммад Азизларга нисбатан белигаланган шартли қамоқ жазосининг бугун муддати битди. Бу икки киши Андижон қатлиомидан сўнгги репрессия даврида ҳибс этилганди. Янаям тўғрироғи, “Бирлик” Партиясининг “Андижонда халқни отганлар ҳам, оттирганлар ҳам жавоб беради” номли баёнотини тарқатиш, Президент шахсини беҳурмат қилишда айбланиб, партия раиси ўринбосари Ҳамдам Сулаймон, партиянинг Андижон вилояти бўлими раиси Акбарали Ориф, ҳуқуқ ҳимоячиси ва “Бирлик”чи Дилмурод Муҳиддин билан бирга жавобгарликка тортилганди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 2006 йилнинг 12 январида Дилмурод Муҳиддиновни 5 йил озодликдан маҳрум этган, Акбарали Ориф, Мусажон Бобожон ҳамда Нурмуҳаммад Азизовга 3 йил шартли жазо муддати тайинлаган, Ҳамдам Сулаймонни эса жазодан бутунлай озод қилганди. Лекин, суд бўлгунча уларнинг ҳаммаси қамоқда ўтиришган (Ҳамдам Сулаймон суддан 2 ой олдин бўшатилган).
Хабарларимиздан маълумки, Дилмурод Муҳиддин ўтган йили 17 октябрида амнистия билан озодликка чиқди.
Саиджаҳон Зайнобиддиннинг хабарномасида шартли жазо вақтида ҳам тазйиқларга учраган Акбарали Ориф юртдан чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтаркан, унинг жазоси бекор қилинмаганини тахмин қилади. Аммо, шу кунгача қаттиқ назорат остида юрган Мусажон Бобожон ҳамда Нурмуҳаммад Азиз (улар ҳар 15 кунда миршабхонага келиб кўринишлари, кечқурун 20 дан эрталаб 6 га қадар уйларидан чиқмасликлари керак эди, сиёсий фаолият билан шуғулланишга ҳақлари йўқ эди) бугундан бошлаб мутлақо озодлар.
