Маҳалада дув-дув гап: янги песлар Швецияда учрашишмоқда

Бундан 6 йил аввал сайтимизда “Пес песни Ослода топди” сарлавҳа остида тарқатилган хабарда МХХга хизмат қилишини ўзи ҳам яширмайдиган Марат Зоҳидов Норвегиянинг пойтахти Ослода “Эрк” партиясининг раиси, хоинлиги туфайли 53-54 лақаби олган Салой Мадамин билан уч марта яширинча учрашгани ҳақида маълумот берилганди. Ўша хабар “Ҳаракат” журналининг 2001 йилга оид 5 (32) сонида ҳам эълон қилинган. Салой Мадаминни ўзбек демократик мухолифатига қарши ишлатиш ниятида уюштирилган бу учрашувлар сайтимиз томонидан фош қилингач, Марат Зоҳидов ўзбек мухолифати ҳақида гўёки китоб ёзаётгани, Салой Мадаминдан шу китоб учун материаллар олиш учун Ослога борганини айтиб, ёлғон баёнот беришга мажбур бўлганди.

МХХ Марат Зоҳидовни демократик мухолифатга қарши ишлатишдан кейинчалик ҳам воз кечган эмас. У ўтган йили Швециягага бир неча марта келиб кетгандан кейин, русча сайтларда “Мухолифатнинг равон сафларини бузиб келдим” деб айтишгача борган эди.

Табиий, у ҳеч нарсани бузолгани йўқ. Унинг мақсади – мухолифат ичидаги демократик позицияси мустаҳкам бўлмаган ва ислом экстремизмига мойилик кўрсатаётган Салой Мадамин ва Исмоил Дадажон каби шахсларни исломий мухолифат вакилари, хусусан Обидхон Қори билан бирлаштириб, дунёвийлик позициясида мустаҳкам турган “Бирлик” Партияси ва унинг лидери Абдураҳим Пўлатга қарши кураш йўлига тушириш эди. Бу гуруҳдагилар ўз сафига бирликчилар Васила Иноят ва Носир Зокир, қоғоздагина бор бўлган “Қуёшли Ўзбекистон” коалицияси раҳбари Санжар Умаровнинг ўғли Ғулом Умаровларни тортишга ҳаракат қилишди. Лекин бирликчилар МХХ уюштирган бу фитнанинг ўз вақтида барбод қилишди.

Лекин, “йиқилган курашга тўймас” деганларидек, МХХ ва Марат Зоҳидов ўз ниятларидан воз кечмоқчи эмаслар. Тошкентнинг мухолифат маҳаллаларида тарқалган дув-дув гапларга кўра, Марат Зоҳидов шу кунларда яна Швецияда. У Исмоил Дадажонинг уйида бир неча кун қолиб, эски фитналарни янгилаш хусусида иш олиб борди. Унинг Тошкентдаги “сафдошларига” билдиришича, бу сафар “мустаҳкам коалиция” яратилмоқда.

Тошкентдан олинган маълумотлар ишончли манбаларга оид бўлса ҳам, бу хабарни Швецияда яшайдиган мухолифатчилар тарафидан тасдиқланишини истадик. Мухбиримиз Исмоил Дадажон билан бир шаҳарчада яшайдиган Пўлат Охунга мурожат қилганда, қуйидагича жавоб олди: “Мен 1,5 йилдан кўп вақт ичида Ўзбекистонда қолиш учун ҳаракатлар қилиб, мамлакатдан чиқариб юборилганимдан кейин, Швецияга мажбуран қайтгач, Исмоил Дадажон билан яқиндан алоқада бўлиб турдим. Аммо, кейин англадимки, у турли оқимларнинг (сайтимизда Абдураҳим Пўлат тарафидан айтилган ҳизбутаҳричилар назарда тутаётган бўлса керак) таъсирида ўзбек демократик мухолифати, хусусан “Бирлик” Партиясига қарши фитналар уюштириш йўлига қатъий ўтган. Шу сабабли, сал кам қўшни бўлишимизга қарамасдан, у билан алоқаларимни феълан тўхтатганман. Марат Зоҳидов келган бўлса ҳам, мендан яширишган бўлишса керак.»

Яна олинган маълумотларга қараганда, “Бирлик”га қарши яратилган коалиция ичида Салой Мадамин ва Дадахон Ҳасанни уриштириб қўйиш ташаббусчиси ҳам ўша Марат Зоҳидовдир. Энди бу курашда биринчи сафга (ҳеч қандай обрўси қолмаган Салой Мадамин ўрнига) Дадахон Ҳасан ва балки унинг ёрдамчиси сифатида Жаҳонгир Муҳаммад олиб чиқилcа керак.