Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Ўзбекистонда мухолифатчини вазир қилиш учун Россия прецеденти
Бугун Россия президенти Дмитрий Медведев мамлакатдаги асосий мухолифат ташилотларидан бири бўлмиш — яқинда тарқатиб юборилган Ўнг Кучлар Иттифоқи (СПС) партиясининг собиқ раиси Никита Белихни Киров вилояти губернатори лавозимига номзод қилиб кўрсатди. Россия қонунларига кўра, бу номзод вилоят Қонунчилик мажлиси томонидан тасдиқланиши керак, демак, сўзсиз тасдиқланади ҳам.

Ҳозир Россиянинг сиёсатчилари ва сиёсатшунослари бир савол устида ўйлашмоқда: Никита Белихнинг губернаторликка номзод қилиниши нимани кўрсатади, у мухолифатчиликдан воз кечдими ёки ҳокимият мухолифатга бир оз бўлса ҳам ён беришга қарор қилдими?

Бу воқеа ўзбек мухолифатчиларининг ҳам диққат-эътиборига сазовордир. Маълумки, яқинда “Бирлик” Партияси номидан чет элдаги ватандошларнинг муаммолари билан шуғулланадиган вазирлик тузиш ва партия раисининг ўринбосари Пўлат Охунни вазир қилиш таклифи Ўзбекистон президентига киритилганди. Россияда таниқли мухолифатчининг ҳокимият ишларига жалб қилиниши Ўзбекистон учун ҳам прецедент бўлиши мумкин.
