Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
АҚШнинг навбатдаги Давлат Котиби Хиллари Клинтон бўлади
Кеча АҚШнинг сайланган-президенти Барак Обама ўзининг бўлғуси ҳукуматида ташқи сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа масалалари билан шуғулланадиган вазирларининг номларини эълон қилди.

Давлат Котиби (европача классификация бўйича Ташқи ишлар вазири) лавозими Хиллари Клингтонга бериладиган бўлди. Мудофаа вазирлигида (департаментида) ҳозирги вазир Роберт Гейтс қолади. Яна қуйидаги лавозимларга тайинланадиган одамларнинг исми очиқланди. Бош прокурор – Эрик Холдер, Ички хавфсизлик вазири – Женет Неопалитано (ҳозирча Аризона штатида аёл губернатор), президентнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслахатчиси – Жеймс Жонс (истеъфодаги генерал).
СNN агентлиги бугун Чикагода Барак Обама билан бирга матбуот конференциясида қатнашган Хиллари Клинтоннинг қуйидаги сўзларини ўз хабарида келтиради: “Президент Жон Кеннеди дунёга келаётган хавфлар юз йиллигимизнинг энг буюк саргузаштларидир, деган эди. Мен ҳам Президент Обаманинг командаси билан биргаликда ҳозирги юз йилликнинг энг оғир ва ҳаяжонлантирувчи саргузаштида иштирок этишдан фахрланаман.”
Бу ерда саргузашт деганда, оқибатлари тўла маълум бўлмаган, хавфли ва ҳаёжонли, таваккал қарорлар олинадиган саёҳат назарда тутилмоқда.
Бундай саёҳат Клинтон учун яқиндагина рақиби бўлган Обама билан бирга ишлаш нуқтаи назаридан ҳам таҳликали бўлиши муқаррар, дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. Агар Обама ташқи сиёсат билан шуғулланишни бутунлай вице-президент Байден ва Давлат Котиби Клинтонга ташлаб қўйса – бир масала, ўзи асосий роль ўйнашни истаса – бошқа масала. Иккинчи ҳолатда, президентликка номзод бўлиш босқичида шиддатли ўзаро жанг олиб борган Обама ва Клинтон ўртасида таҳликали қарама-қаршилик ўртага чиқиши мумкин. Дунёдаги мавжуд оғир вазиятда уларнинг ўзаро муаммосиз ишлашлари жуда муҳим факторга айланади.
