“Бирлик” Партияси Марказий Кенгашига ёзилган Очиқ хат жавобга лойиқми?

21 октябрдаги хабарларимизда 5 кишилик гуруҳнинг “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашига ёзилган Очиқ хати ва унга партия раиси Абдураҳим Пўлатнинг жавобини эълон қилгандик.

Мухбиримиз бу хат хусусида “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосарлари Пўлат Охун, Ҳамдам Сулаймон, Дайнов Ташанов (Қашқадарё), Холиқназар Ғаниев (Самарқанд), Бош котиб Васила Иноят, партиянинг вилоят ташкилотлари раислари Адҳам Муҳиддин (Фарғона), Носир Зокир (Наманган), Саиджаҳон Зайнобиддин (Андижон) ва ҳозир Данияда яшайдиган МК аъзоси Акбарали Орифга мурожаат қилиб шу Очиқ хат хусусидаги фикрларини сўради.

“Бирлик” фаолларининг фикрини умумий шаклда қуйидагича ифодалаш мумкин: “Очиқ хатда партия раиси Абдураҳим Пўлатга қўйилган айбларнинг биронтаси далил билан асосланмаган, хат провокацион руҳда ёзилан. Шунинг учуноқ бу хат ҳеч қандай эътиборга лойиқ эмас. Бунинг устига хат муаллифлари — чет элда яшаётган ва бир неча йилдан бери партия билан ҳеч қандай алоқа қилмаган одамлардир. Сўнги йил ичида партияни Андижон воқеаларидан кейин қайтадан оёққа турғизиш ва унинг қурултойини ўтказиш учун ўта оғир шароитда фаолият олиб бораётганимиз пайтда ҳам улар ўз вилоят ташкилотлари билан на мулоқот қилдилар на уларга ёрдам бердилар. Шулар сабабли, бу Очиқ хатни Марказий Кенгашда кўриб чиқиш ва унга жавоб беришга ҳеч қандай ҳожат йўқ.”