Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Васила Иноят:
“Бирлик” масалага анчайин сиёсий оптимизм ва истиқболга умид нуқтаи назаридан ёндошади. Яқин ўтмишдаги Шимолий Корея, Куба сингари ўзаро интеграциядан маҳрум қилинган, ўзига хос изоляция жабрини ҳалигача тораётган мамлакатлар тарихи мисолида вазиятни баҳолайди. Айни пайтда бундай хавотирликларни, яъни фуқаролик жамияти шаклланмаган Ўзбекистонда ҳам халқ кубаликларнинг ҳолига тушишдан қўрқишни тушуниш мумкин. Бундай реал вазиятни албатта инкор қилиб бўлмайди, қолаверса, ЕИ мулозимлари ҳам ана шу нуқтаи назардан санкцияларнинг бир қисмини бекор қилди. Сиёсатчилар ўлим ёқасида ҳам чора қидирар экан, бунинг ёмон жойи йўқ.
Лекин фуқаролик жамиятининг вакиллари сифатида биз ҳуқуқ ҳимоячилари вазиятни реал баҳолаб, кундан кунга таъсир механизмларини бой бераётган халқаро тузилмаларни ҳушёрликка чақиришга маҳкуммиз. Айтайлик, Европа Иттифоқи Андижон воқеалари муносабати билан Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкциялар жорий қилди. Халқаро текширувлар ўтказиш, мамлакатдаги инсон ҳуқуқларига доир вазиятни яхшилаш талабини қўйди. Шу шартларнинг бирортасини Ўзбекистон бажардими? Ҳеч ким бу саволга ижобий жавоб беролмайди, шундай экан, жазо чораларини қисқартиришга не ҳожат? Демак, ЕИ қарорининг амалий механизми, унинг таъсир чоралари аввалбошдан пишиқ бўлмаган. Шу боисдан ҳам Ўзбекистон талабни бажармади, икки ўртада мулоқотлар барҳам топди. Сиёсий маҳбусларни озод қилиш савдолашила бошланди.
Менимча, вазиятни ҳисобга олсак, “Бирлик” ва Эзгулик“нинг қарорларида кўринишидан мавжуд бўлган қарама-қаршилик йўқ, масалага турли томондан қараш бор. “Бирлик” масалаларга сиёсий ташкилот сифатида қараб йўл қидирмоқда, биз инсон ҳуқуқларига оид вазият нуқтаи назаридан талабимизни ўртага қўймоқдамиз. Ана шу икки хил позиция якдил фикрга қовушишимизга олиб келмоқда: ЕИ санкциялари самара бермаган экан… унинг таъсир механизми шаклланмаган экан – демак, Иттифоқ ёки демократик Ғарбнинг таъсир механизмларини шакллантириш керак, унинг ричагларига тартиб бериш, стратегик режаларни пишитиши керак.
Шундай қилиш керакки, ҳукумат ўзини ўнглашга мажбур бўлсин, вазиятнинг мураккаблиги ҳам шунда. Шахсан ўйлашимча, таъсир механизми, бу – мухолифат, яъни унинг ўқ илдизи бўлган “Бирлик”дир. Айнан Адлия вазирлигида имзолари турган партия рўйхатга олиниши, сиёсий майдонга келиши керак. Шундагина авторитар ҳукумат муқаррар ўлимдан жон сақлайди.
Биринчи саволингизга қайтсам, шунинг ўзи жавоб. Яъни, мен қатнашган анжуманларда Ўзбекистон тақдирига оид ўта муҳим қарорлар қабул қилинди. Иттифоқ санкцияларни юмшатиш йўлидан бораётган экан, Ўзбекистон ҳукумати буни совға эмас, балки огоҳлантирув сигнали, ўзини ўнглашга чақириш, дея қабул қилиши керак.
