Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Озорбайжон мухолифатининг бир қисми сайловда қатнашмайди, бошқа қисми уни бойкот қилади. Ўзбекистонда-чи?
Бир биридан жиддий фарқи бўлмаган “сайловда иштирок этмаслик” ва “сайловни бойкот қилиш” ифодаларининг ишлатилиши ҳам мухолифат ичида бирлик йўқлигини, айни замонда, бирлик йўқлигини оқлайдиган биронта сабаб ҳам йўқлигини кўрсатади.
Хуллас, 15 октябрь куни бўладиган президент сайлови олдидан Озорбайжон мухолифат энг камида иккига бўлинган.
“Озодлик” сиёсий блокига кирувчи Халқ Фронти Партияси (реформаторлар), Либераллар партияси ва Фуқаролар Ривожланиши партияси сайловни бойкот қилишга чақирмоқда. “Мухолифатнинг Ҳамкорлик Маркази”га кирувчи “Мусават” партияси, Демократик партия, Миллий Мустақиллик Партияси, Адолат партияси, Халқ Фронти Партияси (классиклар), Фуқуролар Ҳамкорлиги партияси, Демократик ислоҳотлар партияси ва “Озодлик” партияси сайловларда қатнашмаслик қарорини олганлар.
Агар ўз ичларида ҳам бирлашолмаган бу партияларларнинг жамият ичида етарлича кучи бўлса, улар умумий номзод билан сайловда қатнашишлари керак эди. Шунда, уларнинг номзоди ғолиб чиқмаса ҳам, мухолифат ўз мавқеини мустаҳкамлаб олган бўларди. Агарда уларнинг жамиятга таъсир кучи бўлмаса, чақириқлари фойдасиз. Шу аҳволда ҳам бирлашмаганлари эса маъсулиятсизликдир.
Сайтимизда авваллари ҳам кўп марта айтилган фикрни такрорлашдан фойда бор. Ўзбек мухолифати ҳам Озорбайжон ва МДҲга кирувчи бошқа мамлакатларнинг тажрибасидан тўғри хулоса чиқариши керак. Мухолифатни бир коалиция ёки сиёсий блокка бирлаштириш чақириқлари билан мазохист сайтларда йиғи-сиғи қилишавериш фойдасиз. Демак, янги бир ечим излаш керак. “Бирлик” Партиясининг мухолифатни ўз сафларида бирлаштириш чақириғи айнан шундай ечимдир.
