Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Ўзбек демократлари Брюсселда, Европа Иттифоқи қароргоҳида
Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг инсон ҳуқуқларига масаласига бағишланган Варшава саммитида ҳукумат расмийлари билан бир қаторда “Бирлик” Партияси Бош котиби, “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят, “Эзгулик”нинг яна бир вакили Матлуба Расул, Тезкор Аксилтаъсир Гуруҳи (ГБР) фаоли Николай Кунгуров ҳамда журналист Ҳусниддин Қутбиддиновлар иштирок этишаётганини аввал билдиргандик. Васила Иноятнинг Ўзбекистонда қийноқлар ва ўлим ҳукмининг бекор қилиниши ҳақидаги қисқа нутқининг матни 3 октябрда сайтимизда эълон қилинган.
1 октябрда Васила Иноят Варшавадан Брюсселга ўтди ва ҳозир бу ерда Европа Иттифоқи расмийлари билан учрашувлар ўтказмоқда. Бу учрашувлар Европа Иттифоқининг яқин кунларда Ўзбекистонга қаршии киритилган санкцияларнинг тақдирини белгилайдиган мажлиси олдидан бўлаётгани диққатга сазовордир.
Васила Иноятнинг билдиришича, ЕИга кирувчи мамлакатлардан 15 тасининг вакили иштирокида ўтказилган йиғилишни учрашувларнинг энг муҳими, дейиш мумкин. Бу учрашув давомида Васила Иноят ва Голландияда яшаётган ўзбек қочқини Нуриддин Низомиддин (у ўзини “Уйғон Ўзбекистон” деб номланган ташкилотнинг аъзоси сифатида танитибди) ҳозир Ўзбекистонда асосий масала сиёсий мухолифатни, бу кунда бунга тайёр бўлган “Бирик” Партиясини тан олиш, уни расман рўйхатдан ўтказиш эканлигини айтишибди. Мухолифат расмий сиёсий саҳнага чиқмагунча, Ўзбекистонда ўзгаришлар бўлмоқда, дейиш хато эканлигини таъкидлашибди.
Нуриддин Низомиддин “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат кўп марта такрорлаган фикрни айтибди. Яъни, “Бугун Ўзбекистоннинг сиёсий майдонида ҳеч қандай шамол йўқ. “Бирлик”нинг елканларига демократия шамоли керак. Уни Ғарб давлатлари ярата оладилар. Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан алоқаларни кенгайтириши шундай шамол яратишга бошлади. Санкцияларни олиб ташлаш масаласи “Бирлик”нинг тан олиниши билан боғланса, демократиянинг ривожланишига ёрдам берадиган шамол яна ҳам кучаярди”, дебди.
Маълумки, Абдураҳим Пўлат ўз мақолаларида, масалан, сайтимизда 2007 йил 26 августда эълон қилинган “Менга ўқилган ҳукмнинг ижросини тўрт ойга узайтирдим, яшасин ҳаёт!” номли лавҳасида Нуриддин Низомиддиннинг қилаётган ишлари ва бир қатор ўзбек ёшларининг “Уйғон Ўзбекистон” номли ташкилот тузишга уринишлари, ташқи кўринишидан ижобий қадамдек кўринса ҳам, аслида, мухолифатнинг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партиясига орқадан зарба бериш учун қилинаётган ҳаркат эканлигини ёзганди.
Ҳеч қандай келажаги йўқ ишга қўл ураётгани 3-4 ўзбек ёши бу ҳақиқатни қанча вақтлироқ тушуниб етса, шунча яхши бўларди. Унутмаслик керакки, яхши ният билан қилинаётган ҳар қандай қадам хайрли бўлавермайди. Русларнинг “Дўзахга йўл ҳам яхши ниятлардан тўшалади” мақоласини ҳам эслатишдан фойда бор. Бунинг устига, сиёсий тажрибаси бўлмаган одамларни киши билмас маслаҳатлар билан чалғитадиган махсус органлар борлиги ҳам бошқа бир ҳақиқатдир.
