Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Мактаблар ёпилди – ҳамма пахтага!
Бугун бир неча мустақил манбалар тасдиқлаган маълумотларга кўра, мамлакатимиздаги ўрта мактабларнинг 8-9-синфлари учун машғулотлар тўхтатилди. Эртага тонгдан бошлаб улар пахта йиғим-теримига жалб қилинади. Мухбирларимизнинг таъкидлашича, мавсум бошланган 20 кундан бери ўқувчилар йўқлиги боис кўрсаткичлар тушиб кетган, катталарни пахта даласига олиб чиқиб бўлмаяпти. Айрим хабарларга кўра, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёнинг оғзаки кўрсатмасига кўра, ўрта мактаблар йиғим-теримга жалб қилинмаётган эди.
Аммо буёғи қимматга тушаётгани, ҳукуматнинг пахтани ўқувчилар кўмагисиз териб олишга кўзи етмаётгани боис шундай қарорга келинган. Аслида сайтимизда ҳукуматнинг бундан ўзга иложи йўқлиги, болалар меҳнати айнан сиёсат билан боғлиқлиги, мамлакат биргаликда олиб борилиши шарт бўлган сиёсий-иқтисодий ислоҳатларга муҳтожлиги, ислоҳатларни мухолифатсиз ўтказиб бўлмаслиги, демак, ечим мухолифатни, биринчи навбатда “Бирлик”ни рўйхатга олишдан иборатлигини таъкидлаб келаётгандик.
“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг шу йил 25 февралдаги хабарларимиз ичида берилган «Болалар меҳнатини эксплуатация қилишни тўхтатишда ҳам «чумчуқни қассоб сўйгани яхши»» номли мақоласида бу хусусдаги саволларга тўла жавоб берилган.
Аммо, Ўзбекистон ҳукумати совет замонининг амалиётини давом эттиришдан бошқа йўл топишга қодир эмаслигини кўрсатмоқда. Минг афсус.
