“Эзгулик” жамиятининг адвокати бирликчи Норбой Холжигитов билан учрашди

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли, “Бирлик”чи Норбой Холжигитов 2005 йилнинг июнида жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди ҳукми билан ЖКнинг 139-моддаси (Туҳмат), 165-моддаси (Товламачилик) асосида 10 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Ўз сафдошларининг мушкулини осон қилиш ниятида «Эзгулик” жамиятининг фаоллари бу иш билан давомли шуғулланмоқдалар.

“Эзгулик”нинг бу иш бўйича олиб бораётган ишлари жамиятнинг аввалги пресс-релизида (№ 33, 20.06.2008) ёритилган эди. Бугун ҳам бу хусусда махсус пресс-релиз тарқатиилди (№46
19. 09.2008). Ундан маълум бўлишича, “Эзгулик” томонидан бу ишга жалб қилинган адвокат Абдулла Муҳаммаджонов узоқ уринишлардан сўнг Норбой Холжигитовнинг олдига киришга муваффақ бўлган ва маҳкум билан биргаликда Ўзбекистон Олий судига кассация тартибида ариза бериш, ҳуқуқий майдондаги курашни давом эттириш стратегиясини пишитиб олган.

МАълум бўлишича, бундан бирмунча муқаддам Норбой Холжигитов Қарши шаҳридаги колониядан Шайхали посёлкаси 64/51-жазони ижро этиш муассасасига олиб ўтилган. Унинг соғлиғи ҳозирги кунда анча яхши, ўзини бардам ҳис қилаётганини айтган. Унга нисбатан қийноқлар қўлланилиши тўхтаган, аммо маҳбусга муассаса тартибини бузганлик айби ёпиштирилмоқда.

Пресс-релиз қуйидаги сўзлар билан тамомланади: “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича ҳайъатига мурожаат қилиб, жиноий иш матриалларини чақириб олиб кўришини сўради. Шунингдек, Норбой Холжигитовнинг сўрови билан адвокат Абдулла Муҳаммаджонов кассация тартибида шикоят келтирмоқда. Мазкур жараён тафсилотлари, ишнинг бориши хусусида жамиятнинг матбуот хизмати маълумотларни жамоатчиликка тақдим этиб боради.”

«Эзгулик» бошқа ҳуқуқ ҳимоячиси гуруҳлардан фарқли ўлароқ амалий ва систематик фаолият олиб бораётгани бу пресс-релиздан яна бир марта кўринмоқда. Унинг тўла матни билан жамиятининг расмий сайтида танишиш мумкин – www.ezgulik.org.