“Бирлик” фаоли, ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Муҳиддиннинг оиласига ёрдам уюштирилди

Шу йил 15 июлда сайтимизда андижонлик бирликчи Акбарали Орифнинг қаламига мансуб “Халқаро ташкилотларнинг ёрдами қандай тақсимланади ўзи?” номли мақолада ҳукуматнинг тазйиқи остидаги ўзбек демократларига ёрдам беришни ният қилган ташкилотлар Европада ҳам тузилгани, улар турли манбалардан маблағ топсалар ҳам, уни қандай ишлатаётганлари мавҳум қолаётганини ёзганди. Мисол сифатида, ўзини шундай ташклотлардан бирининг раҳбари деб эълон қилган Надежда Отаевa ҳозир қамоқда ётган андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Муҳиддин ва унинг оиласига ёрдам бермагани тилга олинганди.

Ҳозир маълум бўлишича, бундай “ташкилот”ларнинг ёрдамини кутиш фойдасизлигини тушуниб етган бир гуруҳ андижонликлар ўзлари маблағ тўплаб, Дилмурод Муҳиддиннинг оиласига жўнатишган. Яқинда Дилмуроднинг отаси Навоий вилоятидаги қамоқхоналардан бирида жазо муддатини ўтаётган ўғли Дилмурод билан учрашиб келган. Ўзбекистон қамоқхоналаридаги умумий аҳволдан келиб чиқсак, унинг аҳволи яхши эканлиги маълум бўлган. Дилмуроднинг ўзи ва отаси чет элдаги андижонликларга уюштирган ёрдамлари учун миннатдорчилик билдиришган.

Эслатиб ўтамиз, Дилмурод Муҳиддин ҳам “Бирлик” Партияси ҳам “Эзгулик” жамиятнинг фаоли. У “Бирлик” Партиясининг Андижон хунрезлигини қораловчи баёнотини тарқатишда айбланиб, 2005 йил июнь ойи бошларида ҳибсга олинган ва 2006 йилнинг 12 январида Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туман судининг ҳукми билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Айни айб билан судланган бошқа бирликчила Ҳамдам Сулаймон, Акбкрали Ориф, Мусажон Бобожон ва Нурмухаммад Азиз шартли ҳукм билан озод қилингандилар.

Алоҳида айтиш керакки, Дилмурод Ўзбекистонда фақат сиёсий айблар билан қамалган бирдан-бир маҳбусдир.