Батуми Декларацияси имзоланди, Кавказ Ғарбга яқинлашмоқда, навбат Ўзбекистонда

Бугун Гуржистоннинг Бутуми шаҳрида ўтаётган ГУАМ саммити доирасида Украина, Гуржистон, Озарбайжон, Литва ва Польша президентлари “ГУАМ — Европанинг шарқини бирлаштириш”, деб номланган Батуми Декларациясини имзоладилар. Декларацияда бу мамлакатларнинг демократик қадриятларга, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш принципларига, қонун устиворлигига, миллатларнинг маънавий ва маданий меросларини сақлашга, тоқатлилик руҳини мустаҳкамлашга содиқ қолишлари урғуланган.

Бу беш мамлакат ўзаро алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш билан бир қаторда АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари билан яқинлашишни асосий йўл деб ҳисоблайдилар.

Литва ва Польша НАТО ва Европа Иттифоқи аъзоси эканлиги, Украина ва Гуржистон уларга аъзо бўлиш учун анчадан бери амалий ҳаракатлар олиб бораётганларини ҳисобга олсак, бу декларациянинг асосий нуқтаси – Боку ҳукумати ҳам шу йўлни очиқчасига танлаганидир.

Табиийки, бундан кейин демократик дунёни қизиқтирадиган масала — Марказий Осиё давлатларини Ғарб структураларига тортиш бўлади. “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат “Бирлик”нинг яқинда бўладиган қурултойига тайёрлаган тезисларида Ўзбекистоннинг келажакдаги мақсади НАТОга аъзо бўлиш эканлигини эълон қилишни таклиф этганди. Батуми Декларацияси ҳам кўрсатмоқдаки, собиқ СССР ва Варшава Пакти мамлакатларида сиёсий жараёнлар жуда тез ривожланмоқда ва “Бирлик”нинг шу каби ташаббус билан чиқиши унинг етук сиёсий ташкилот эканлигини яна бир бор намойиш қилмоқда.

Нима бўлганда ҳам Ўзбекистонни демократик дунё структураларига интеграция қилиш масаласи кун тартибига кириб келмоқда. Бу жараёнларни на ҳозирги Ўзбекистон ҳукумати на унинг қўриқчиси бўлмиш Россия ва Хитой тўхтата оладилар.