Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
ЕИ Зимбабведаги сайловни демократияга пародия деб баҳолади. Ўзбекистондаги сайловларга ким баҳо беради
Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича Бош комиссари Хавьер Солана Зимбабведа бўладиган иккинчи тур президенлик сайловини демократияга пародия деб баҳолади. Чунки, жорийдаги президент-диктатор Роберт Мугабенинг рақиби – Демократик Ўзгаришлар Ҳаракатининг раҳбари Морган Тсвангираи мавжуд ҳокимиятнинг зўравонлик сиёсатига норорзилик билдириб, сайловда қатнашмаслигини билдирди. “Демократияга пародия бўладиган бу сайлов Африка континенти учун шармандаликдир”, дейилади Морган Тсвангираининг расмий баёнотида.
Африкалик демократнинг бундай қадамини ҳар ким ҳар турли баҳолаши мумкин. Аммо, бир нарса равшанки, натижаси олдиндан маълум бўлган сайлов ўйинида Морган Тсвангираининг қатнашиши сайловга демократик кўриниш берган бўларди ва Мугабенинг позициясини мустаҳкамланишига хизмат қиларди.
Ўзбекистонда бу каби президент сайлови 1991 йилнинг охирида бўлган. Ислом Каримнинг бу “сайлов ўйинида” иштирок этган “демократ-рақиб” Салой Мадамин ўшанда мамлакатимизда диктатуранинг тикланишига хизмат қилганди. Ваҳоланки, ўшанда “Бирлик” халқ ҳаракати унга ёзма шаклда мурожаат қилиб, нодемократлиги аввалдан маълум бўлган бу сайловда қатнашмасликни сўраганди.
Ҳозир 53-54 лақаби билан танилган Салой Мадамин сайловдан кейин Ислом Каримни ғалаба билан табриклаб, энди бугун сайлов натижалари сохталаштирилганини гапириши – сиёсий масхарабозлик бўлиб, ўзбек демократиясини шарманда қиладиган воқеадир. Буни ўз вақтида тушуниб етган “Бирлик” ўша сайловларда Салой Мадаминнинг номзодини қўллаб қувватлаш таклифини қабул қилмади ва унинг демократ эмас, хоин-ўйинчоқ эканлигини исботлаб, ўзбек демократиясининг обрўсини сақлаб қолди.
Ўша вақтда Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги сайловни қандай баҳолагани маълум эмас, аммо АҚШ Хельсинки Комиссияси кузатувчиларининг ҳисоботида сайлов кунидаги сохтакорлик ҳақида сўз йўқ бўлиб, сайловдаги асосий қонун бузилиши сифатида “Бирлик” номзодининг сайловда қатнаштирилмаганлиги урғулаган.
