Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
НАТО шарпасининг кучи: Путин Саакашвили олдида тиз чўкмоқда
Икки йилча аввал Гуржистоннинг халқаро майдонда Москвадан мустақил сиёсат олиб боришидан дарғазаб бўлган Россия президенти Владимир Путин бу мамлакатни жазолашга қарор берди. Россия ва гуржистон ўртасидаги транспорт ва ҳатто почта алоқалари Москванинг қарори билан тўхтатилди. Гуржистон экспортининг асосини ташкил қилувчи винодан Россия воз кечди.
Гуржи меҳнат муҳожирларининг Россияга йўли тўсилиши ва Россиянинг гуржи виносидан воз кечиши, русларнинг фикрича, Гуржистонни аввал иқтисодий, сўнгра сиёсий бўхронга олиб келиши керак эди. Аммо, бундай бўлмади. Гуржистон Ғарбнинг ёрдамида қийинчиликлар давридан чиқишга бошлади. Россиянинг бутун босимларига қарамасдан, НАТО барибир Гуржистонни келажакда ўзига аъзо қилиб олишга ваъда берди. Гуржистон мухолифатининг деструктив ҳаракатлари Саакашвили томонидан усталик билан сокинлаштирилди.
Ана шундан кейин Россия апил-тапил орқага чекинабошлади. Икки мамлакат ўртасидаги транспорт алоқалари Россия томонидан тикланди, гуржи виносини янгидан сотиб олишга бошлаш ҳақида сигналлар берилди. Бугун Россия Гуржистон билан почта алоқаларини тиклашини эълон қилди. Тўғри, Гуржистон бу курашда ҳали тўла ғалаба қозонгани йўқ, аммо шу йўлдан кетмоқда. Россиянинг Абхазия ва Жанубий Осетиядаги провокациялари эса, унинг отдан тушса ҳам эгардан тушгиси келмаётганини кўрсатади, холос.
Бу воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, Россия ядровий қуролларга тўла бўлиши, нефтнинг нархи русларни қувонтирадиган даражада юксалишига қарамасдан, бу мамлакат ҳали Ғарб билан рақобат қилишга қодир эмас. Айнан шу сабабли ҳам, “Бирлик” Партиясининг келажакда НАТОга аъзо бўлиш ташаббуси билан чиқиши – бу мухолифат партиясинг қанчалик етук ташкилот эканлигини яна бир марта кўрсатмоқда.
