Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
“Эзгулик”нинг бошига “Бирлик”нинг куни тушадими?
Яқин ўтмишда, яъни 1993 йилнинг 17 январида “Бирлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон Олий судининг қарори билан ёпилган. Жамоатчилик ва дунё ҳамжамияти ўртасида етарлича шов-шув бўлган бу воқеадан сўнг дарҳол “Бирлик” номи билан бир ташкилот рўйхатга олинганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг собиқ вице-президенти Шукрулло Мирсаидов томонидан “Адолат” партияси тузилган, аммо Мирсаидов жавобгарликка тортилиб, унинг партияси йўқотилгач, “Адолат” социал партияси бунёд этилган эди.
Бугун ҳукумат газеталари ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Қашқадарё вилоятида хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қувватлайдиган “Эзгулик” жамияти ташкил этилгани ҳақида хабар тарқатди. Мазкур ноҳукумат ташкилоти Хотин қизлар қўмитаси ва вилоят ҳокимлиги муассислигида бунёд этилган. Ҳозирча вилоят миқёсида яратилган ташкилот раҳбари Халфия Давлатованинг таъкидлашича, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган мазкур ташкилот фаолият ҳудудини кенгайтиради.
Мухбиримизнинг таъкидлашича, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, Адлия идораларида бир хил ном билан икки жамоатчилик ташкилоти рўйхатга олиниши мумкин эмас. Бундай ҳолатларда уларнинг бири ё рўйхатдан ўчирилади, ё номини ўзгартиради. Афтидан бу ҳаракат “Эзгулик” инсон ҳақлари жамиятига қаратилган фитна бўлиши мумкин. Шу боисдан ҳам бундай вазиятда ҳақли хавотирларини изҳор этаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари бу ҳодисадан ҳукумат сиёсий найранг сифатида фойдаланса, Адлия вазирлиги устидан судга мурожаат қилишни мўлжалламоқда.
