АҚШ мулозимининг сафари қариди, унинг демократлар билан учрашуви бахсли ўтган

Бугун АҚШ Давлат котибининг Марказий ва Жанубий Осиё мамлкатлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Памелла Спратленнинг юртимизга ташрифи якунланди. АҚШ элчилиги маълумотига кўра, Давлат департаменти мулозими Ўзбекистоннинг бир қатор расмий кишилари билан музокаралар ўтказган. Хусусан, Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Мурод Атаев, Ташқи ишлар вазири Владимир Норов, Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги раиси Элёр Ғаниев, Вазирлар Маҳкамасининг Дин ишлари қўмитаси раиси Ортиқ Юсупов ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Дилором Тошмуҳаммедовалар билан сўзлашувлар қилган. Мазкур учрашувларнинг тафсили хусусида баён қилинмади.

Аввалги хабарларимизда Памелла Спратленнинг ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакиллари билан учрашуви режалаштирилгани ҳақида ҳам гапиргандик. Давлат департаменти мулозими билан учрашувга “Бирлик” Бош котиби, “Эзгулик” инсон ҳақлари жамияти раиси Васила Иноят Брюсселга сафари туфайли бора олмаган. Учрашувда Ҳуқуқ ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи етакчиси Суърат Икромов, Тезкор Аксилтаъсир Гуруҳи (ГБР) вакили Сухроб Исмоилов каби ҳуқуқ ҳимоячилари иштирок этишган.

Суърат Икромов мамлакатдаги тоталитар сиёсат ва қийноқларнинг сақланиб қолаётгани, сиёсий маҳбуслар, ҳуқуқ ҳимоячиларининг айримларини озод қилиниши ортида кўзўямачилик борлигини эътироф этган бўлса, Сухроб Исмоилов ҳукуматнинг одиллиги, қийноқлар барҳам топаётгани, вазият анчайин демократлашиб бораётганини таъкидлаган.

Бундай баёнотдан кейин Сухроб Исмоилов ҳамкасбларининг дашномлари ёмғирида қолган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўзаро ихтилофларидан ажабланганини яширмаган Памелла Спратлен Ўзбекистон — АҚШ алоқларига доир мунгсабатлар юзасидан муҳокамага киришмаган.