Россия Гуржистонга нисбатан сиёсатини ўзгартирди, Ўзбекистон билан ўхшашликлар бор

Гуржистоннинг Ғарб, биринчи навбатда, АҚШ билан яқинлашиб бораётгани ва қадамма-қадам НАТОга қараб кетаётганидан ғазабланган Путин гуржиларни ўзича жазолаш йўли билан Гуржистон ҳукуматининг сиёсатини ўзгартирмоқчи бўлди. Россия ва Гуржистон ўтрасидаги транспорт алоқалари Москванинг бир тарафлама ҳаракатлари туфайли батамом тўхтатилди, Гуржистон моллари, энг муҳими, Гуржистон виносининг Россия тарафидан импорт қилиниши тўхтатилди. Ўша кезларда Гуржистон ва гуржилар ўта оғир шароитда қолдилар. Лекин, Ғарб ва АҚШнинг ёрдами билан Гуржистон йиқилмади, оёқда қолди ва Россиясиз ҳам яшай олишини намойиш этти. Россиянинг Гуржистонни изоляция қилиш ва унга нисбатан санкциялар киритиш йўли билан унга таъсир этиш сиёсати банкрот бўлди.

“Бирлик” Партияси ва унинг лидери Абдураҳим Пўлат Ўзбекистонни Ғарбдан изоляция қилиш ва унга қарши санкциялар киритиш фойдасиз эканлиги, аксинча, Ўзбекистонни Ғарб структураларига боғлаш орқали мамлакатимизда демократиянинг ривожланишига йўл очиш мумкин, деган фикрлари қанчалик тўғри бўлганини ҳозир ҳамма кўриб турибди.

Шу кунлардаги воқеалар кўрсатмоқдаки, Россия ҳам Гуржистонга нисбатан сиёсатида “Бирлик” танлаган йўлга ўтмоқда. Россия Гуржистон билан авиа-алоқалар қайтадан тикланишини эълон қилди. Бугун эса, бу икки мамлакт ўртасида денгиз транспорти алоқалари тикланди.

Россиянинг расмий баёнотларига кўра, Гуржистон Россия авиакомпаниялари олдидаги 3 миллион долларлик қарзини шу йил охиригача тўлашга ваъда бергани учун транспорт алоқалари тикланаётган эмиш. Аммо, бу иддаога ҳеч ким ишонмайди, айниқса, қарз кулгили даражада кичкина эканлигини ҳисобга олиб.

Асл сабаб, айтилганидек, Россия ҳам оддий ҳақиқатни тушуна бошлаганида. Бугун кўпвектролик алоқалар замонида изоляция ва санкциялар самараси катта эмас. Москва Гуржистонга нисбатан охирги йиллардаги сиёсатини давом эттирса, у Гуржистонни бутунлай йўқотарди. Ҳозир Россия Гуржистон билан алоқаларни тиклаб, унга таъсир кўрсатиш механизмларини қайтадан қўлига киритмоқчи. Ана энди Москва ва Ғарб Гуржистонни ўз орбиталарида ушлаб туриш учун нормал рақобат қилишга мажбур бўладилар. Бундан Гуржистоннинг манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб қанчалик фойдаланиш – гуржиларнинг муаммоси.

Бизда ҳам шундай. Ғарбнинг Ўзбекистонга таъсир қилиш механизмлари берадиган имкониятлардан Ўзбекистон демократияси учун фойдаланиш – ўзбек мухолифатнинг вазифасидир.