Пўлат Охуннинг паспорти масаласи бўйича ишлар юришмоқда(ми?)

“Бирлик” Партияси лидерларидан бири Пўлат Охуннинг фуқаролик паспорти масаласи режим сиёсати даражасига кўтарилгани ҳақида хабарларимизда маълум қилиб келаётгандик. Буни қарангки, шу кунларда паспорт масаласидаги шикоятлар билан судлар шуғулланишга бошлади. Аниқроғи, Пўлат Охуннинг Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бошқармаси устидан судга киритган даъвоси Тошкентдаги фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтохур туманлараро судида кўриладиган бўлди. Ишни қабул қилиб олган суд раиси Шавкат Раҳмоновнинг таъкидлашича, бўладиган маҳкамага судья Мавлонова раислик қилади.

Шунингдек, Пўлат Охун Андижон вилояти ИИБ маъмурлари қилмишини оқлаган фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро суди устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят берганди. Маълум бўлишича, Олий суд бу ишни кўриб чиқишни фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти суди судьяси Бобоев топширибди. 15 мартдаги хабаримизда Пўлат Охуннинг Андижон вилоят судига чақирилганини, аммо чақириқ қоғози почта орқали кеч келганини билдиргандик. Андижон вилоят судидагилар Пўлат Охунга унинг иши Наманган судида кўрилишини билдирмоқчи эканлар, холос.

Пўлат Охун энди икки маҳкамада ўз манфаатларини ҳимоя қилиши ва адолат учун крашиши керак. Суд мажлислари ҳали аниқ бир кунга белгилангани йўқ.

Аввалги хабарларимижда ҳам айтилганидек, аслида, муаммо ички ишлар органларида эмас, Миллий Хавфсизлик Хизматида. Шу хизмат органлари ёки ходимлари Пўлат Охуннинг паспортини янгилаш масаласида асосий тўсиқ бўлмоқдалар.

Шуни ҳисобга олган Пўлат Охун, юқорида айитлган икки ишдан ташқари, «Ўзбекистон МХХси мансабдор шахслари ноқонуний равишда ўзининг паспорт масаласига аралашаётгани, хусусан, бу масалада бошқа давлат органларининг ишларига ноқонуний тўсқинлик қилаётгани ва ўзига босим ўтказиб, конституцион ҳуқуқларини поймол этаётгани” бўйича ҳам судга мурожаат этиб, яна бир иш очишни режалаштирмоқда.