“Эрк” фаоли Бобомурод Мавлонов озодликка чиқди

“Бирлик” Партияси Самарқанд вилояти бўлими раиси Холиқназар Ғаниевнинг билдиришича, “Эрк” партияси (Салой Мамдамин гуруҳи) Марказий Кенгаши аъзоси Бобомурод Мавлонов озод қилинган. Уни қутлаш, аҳволи билан танишиш мақсадида Самарқанднинг Нуробод туманида бўлган “Бирлик” фаолининг таъкидлашича, Бобомурод Мавлонов бирмунча ўзини олдирган, анчайин чарчаган экан. Шунга қарамай у руҳан тетик.

Мухолифатчиларнинг фикрича, Бобомурод Мавлонов ҳам кейинги пайтда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ва Ғарб билан илиқлашиб бораётган муносабатлари таъсирида озодликка чиқарилган.

Холиқназар ака у кишини “Бирлик”чилар номидан табриклаб, фаолиятида омад тилади.

Эслатиб ўтамиз, Бобомурод Мавлонов маҳаллий пионерлар лагерининг директори ўлароқ хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ва прохўрликда айбланиб, 2005 йил 6 октябрда (2005 йил 9 октябрь хабаримизга қаранг) ҳибсга олинган ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилганди. 2007 йил 22 майдаги хабаримиздан маълумки, ЕИнинг юксак лавозимли ходими Ханс-Герт Поттеринг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норовга ёзган хатида бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари, жумладан Бобомурод Мавлоновни озод қилишни сўраган эди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, ЕИ Ўзбекистон билан алоқаларга эга бўлгани учун шундай хат ёзилган ва ЕИнинг таъсири остида аста-секин бўлса ҳам Ўзбекистонда ижобий янгиликлар бўлмоқда. Агар, баъзи ўзбек мухолифатчилари ва ҳуқуқ ҳимоячилари талаб қилаётгандек, ЕИ Ўзбекистонга фақат санкциялар киритиш билан шуғулланиб, алоқаларни узса, таъсир қилиш маханизми ҳам яратилмаган бўларди. Аксинча, алоқаларни тиклаш самаралироқ бўлишини ўз баёнотларида таъкидлаб келаётган “Бирлик” Партиясининг позицияси тўғри бўлганини ҳозир ҳамма тан олишга мажбур бўлмоқда.