Пўлат Охуннинг аризаси Олий суд ва вилоят суди ўртасида “йўқолиб қолди”

Аввалги даракларимизда “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Пўлат Охуннинг паспорти масаласида фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилояти судининг кассасация ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилганини айтгандик. Ҳозирда Олий суддан маълум бўлишича, 1 феврал куни юборилган ариза маҳкамага келиб тушмаган. Бу ҳақда Олий суднинг ўзини таништирмаган (телефон рақами 1390238) ходими арзгўйга маълум қилди. Шундан сўнг Андижон вилояти суди маъмурлари билан сўзлашган Пўлат Охунга маъмурлар энди ишнинг уларга тааллуқли эмаслиги, Олий суд қайси вилоятга юборса, ўша вилоят суди уни чақиришини айтди. Афтидан, Пўлат Охуннинг аризаси копток қилинмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик Бошқармаси устидан фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани судига мурожаат қилишни режалаштирмоқдаман, аммо бундан ҳам бир самара чиқишига кўзим етмайди, дейди Пўлат Охун. Фуқарога паспорт беришни пайсалга солиб, кулгили маймун аҳволига тушаётган ўзбек ҳукуматининг аҳволи нақадар аянчли…