“Бирлик” раиси ЕИга мухолифат партияларни рўйхатга олиш ва Пўлат Охуннинг паспорти масалаларида мактуб йўллади

“Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича комиссари Пьер Морелга кеча йўллаган мактубида ЕИнинг Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантириш йўлидаги ташаббуслари олқишланади. “Бирлик” бу хусусда 2006 йил 6 ноябрдаги баёноти ва 2006 йил 24 ноябрдаги ЕИнинг умумий ташқи ва хавфсизлик сиёсати бўйича Бош вакили Хальвер Соланага жўнатилган хатида ҳам айтгани эслатилади. “Бирлик”нинг 2007 йил 5 ноябрдаги баёнотида ҳам Европа Иттифоқининг Ўзбекстонга нисбатан олиб бораётган сиёсати ижобий баҳолангани тилга олинади.

Кечаги хатида Абдураҳим Пўлат Куба, Ироқ, Шимолий Корея каби давлатларнинг тарихини эсга олиб, диктаторларга қарши санкциялар ва изоляция йўли самара бермаслигини ёзади. Жаноб Морель ва бир қатор ЕИ расмийларининг Ўзбекистонга қилган саёҳатларидан кейин баъзи ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг қамоқдан озод қилингани ҳам санкциялардан кўра мулоқат самарали эканлигини исботловчи факт эканлигини айтади.

Лекин, дейилади мактубда, Ўзбекистонда ҳақиқий кўппартиялик яратилмагунча, демократия ва инсон ҳақлари соҳасида жиддий ўзгаришлар бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон ҳукумати эса, мухолифат партиялари, биринчи навбатда, ҳамма ҳужжатларини 3 йил аввалоқ Адлия вазирлигига топширган “Бирлик” Партиясини рўйхатга олишни пайсалга солмоқда. Шу билан 25 минг партия аъзосининг сиёсий ҳуқуқлари поймол этилмоқда.

Абдураҳим Пўлат мактубининг сўнгида юрт ташқарисида мажбуран яшаётган мухолифат лидерлари, хусусан ўзи ва партия раисининг ўринбосари Пўлатжон Охун Ўзбекистонга қайтиш ва юрт ичида фаолият олиб боришга тайёр эканликларини тилган олган. Бир йил аввал Ўзбекистонга қайтиб келган Пўлат Охуннинг паспортини алмаштиришни пайсалга солаётган Ўзбекистон расмийлари унинг ҳуқуқларини топташмоқда, айни пайтда, юртга қайтиш истагидаги мухолифатчиларга нормал яшаш ва сиёсий фаолият олиб бориш учун имконият бўлмаслиги ҳақида сигнал беришмоқда.

Шулардан келиб чиқиб, дейилади “Бирлик” раисининг мактубидан, ЕИ расмийлари Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашганда, сиёсий ҳуқуқларни ҳурмат қилиш, “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш ва Пўлат Охунга тезда паспорт бериш каби масалаларни ҳам кун тартибига олишлари мақсадга мувофиқ бўларди.

Абдураҳим Пўлатнинг мактуби Пьер Морелнинг Брюсселдаги офисига етиб боргани тасдиқланди ҳам.