ЕХҲТнинг 2010 йилдаги раиси Қозоғистон бўлиши ёмонми?

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг 29-30 ноябрь кунлари Мадридда бўлган йиллик мажлисида кейинги йиллар учун ташкилотнинг раислари белгиланди. Раис белгилашдек оддий бир иш бу йил катта сиёсий муаммога айланиб, кризисга айланишига сал қолган эди.

Қозоғистон 2003 йилдаёқ 2009 йилда ЕХҲТга раис бўлиш учун ариза берганлиги маълум. Лекин, АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари Қозоғистон инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича бу ташкилотнинг стандартларига ҳали тайёр эмас деб, унинг раислигига қарши бўлдилар. Қозоғистонни эса МДҲ мамлакатлари қўллаб-қуватладилар ва ҳатто бу хусусда ультиматум каби Мурожаат қабул қилдилар.

Айниқcа, бу масалада Россия қаттиқ позицида турди. Аслида, унинг мақсади Қозоғистонга ёрдам бериш эмас, ҳозир ҳар қадамда қилаётганидек, Ғарб билан қарама-қаршиликка бориш, ўзини дунёдаги етакчи мамлакатлардан бири сифатида кўрсатиш эди.

Асосан парда орқасида олиб борилган кураш компромисс билан тугади. 2008 йилда Финландия, 2009 да Юнонистон, 2010 да Қозоғистон, 2011 да Литва раислик қиладиган бўлди.

Россия кризис чиқаришга ҳаракат қилди, аммо Қозоғистоннинг ўзи орқага чекиниб, 2010 йил учун рози бўлгани учун, масала нисбатан осойишта ҳал бўлди.

– Менимча, – дейди “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат, – Ғарб бу масалада бунчалик қаттиқ турмасдан, 2009 йилдаёқ Қозоғистоннинг раислигига рози бўлса ёмон бўлмасди. Бу ерда бир неча факторни ҳисобга олиш керак.

Биринчидан, Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия бўйича аҳвол 2010 йилгача ҳам тузалмайди. Демак, қозоқларнинг раислигини 1 йилга орқага суриш учун бунчалик қилинган ҳаракатдан кўп фойда бўлмайди. Чунки, раислик чўнтакда экан, Қозоғистон ҳозир қўшимча бир нарсалар қилишини кутиш қийин.

Иккинчидан, айнан бу ташкилотга раислик қилиш даврида, Назарбоев ўз обрўсига зарар етказмаслик учун, инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасида баъзи қадамлар қилишга мажбур бўларди. Ҳозирги қарор билан 1 йил ютқазилди, дейиш мумкин.

Учинчидан, тарихга қараб ўхшашликлар қидириш керак. Масалан, 1977 йилда СССРнинг ҳам иштирокида ЕХҲТ тузилганда, СССРда аҳвол ЕХҲТ стандартларига жавоб берармиди? Йўқ. Айнан, СССР раҳбариятини Ғарб дунёсидаги каби демократик жараёнларга тортиш мақсадида, унинг ҳам иштирокида ЕХҲТ тузилди. Ҳозир ҳамма тушунадики, СССРдек тоталитар системанинг емирилишини тезлатишда ЕХҲТнинг роли ҳам етарлича бўлган. Демак, Қозоғистоннинг ЕХҲТга раислиги – биз гапираётган мавзуларда ижобий роль ўйнашини кутиш мумкин.

Мен аминманки, агар ЕХҲТ Ўзбекистонни зўрлаб бўлса ҳам ўзига раисликка кўндиролса эди, салбийдан кўра ижобий натижа кўроқ бўлган бўларди. Масалан, ҳозир Ўзбекистон бу ташкилотнинг фаолиятида иштирок этмаяпти ҳисоб, ўзини-ўзи изоляция қилиб қўйган, раис бўлса, иштирок этишга мажбур бўларди.