Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Ўзбекистонда ҳокимиятнинг ҳамма тармоқлари лўттибоз: эстафета конституциявий судда
Сайтимизда “Бирлик” Партияси фаолларидан иборат фуқароларнинг Сайловчилар Ташаббус Гуруҳи Марказий Сайлов Комиссиясининг лўттибозлиги устидан Республика Конституциявий судига мурожаат қилгани ҳақида маълум қилгандик. Хабарларимизда Марказий сайлов идорасининг Сайловчилар Ташаббус Гуруҳи вакилига мандат беришни асоссиз равишда рад қилгани, комиссия аъзоси Адилов томонидан талабга зид равишда жавоб қайтарилгани акс этганди. Тошкентдаги мухбирларимиздан маълум бўлишича, бугун Тошкент шаҳар Боғкўча кўчаси 20-уй 23-хонадонда яшовчи “Бирлик” Партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайит Абдуллаев ўша мурожаатига Ўзбекистон Конституциявий суди судьяси У. Бозоров имзоси билан жавоб хати олди. Унда шундай дейилади:
“02-12/837
19.11.2007 й.
Тошкент шаҳри, Боғкўча 20-23
Ҳ. Абдуллаевга
Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига юборган мурожаатингиз ўрганиб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108-моддаси ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўрадиган суд ҳокимияти органи ҳисобланади.
Шунга асосан мурожаатингизда кўтарилган масалани кўриш Конституциявий суднинг ваколатига кирмаслигини Сизга маълум қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси
У. Бозоров”.
Хатнинг иккинчи устуни мазмунидан кўриниб турибди-ки, давлат ҳокимияти идораларининг, шу жумладан, Марказий Cайлов Комиссиясининг ҳужжатлари жорийдаги Конституциянинг ҳарф ва руҳига қончалик мос ёки мос эмаслиги хусусидаги ҳар қандай масала Конституциявий суднинг вазифа ва ваколатлари доирасидадир. Ва, ўз навбатида, Конституциявий суд суд ҳокимияти сифатида шу хилдаги мурожаатларга ҳуқуқий баҳо беришга бурчлидир.
“Бирлик” фаолининг хати айнан МСКнинг ҳужжатлари Ўзбекистон Конституциясига мос эканлиги тўғрисида бўлгани учун, Конституциявий суд судьяси унинг моҳиятини тушунишни атайлаб истамасдан, номигагина жавоб бериш билан чегараланган. Совет замонида бундай жавобларни “отписка” дейишарди.
Конституцион суд судясининг Ҳайит Абдуллаевга жавоби юқорининг сиёсий буюртмаси бўлиб, бу буюртмада нишоннинг “Бирлик”ка қаратилганига ҳам шубҳа йўқ.
Партия фаоллари ва улардан иборат Сайловчилар Ташаббус Гуруҳи аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Олий судида ҳуқуқий курашни давом эттиришга келишдилар.
