Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Самарқандлик бирликчи Холиқназар Ғаниевни таъқиб қилиш тугамаяпти
Шу йил августнинг ўрталаридан “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари, партиянинг Самарқанд ташкилоти раиси Холиқназар Ғаниевнинг уйи ва ўзи ҳукумат аёғоқчилари томонидан кеча-кундуз кузатилаётгани, унинг паспорти ҳеч бир тушунтиришсиз олиб қўйилганини хабар қилгандик. Маълум бўлишича, “Бирлик” фаолини қонунсиз таъқиб қилиш ҳали ҳам давом этмоқда.
Холиқназар ака шу масалалар бўйича 10 ноябрь куни Жомбой туман ҳокими А.Нурқулов қабулида ҳам бўлган. Ҳоким: «Сизни МХХ кузатаётган бўлса, МХХнинг ишига биз аралаша олмаймиз» деб жавоб берибди. У Холиқназар Ғаниевнинг 9 август куни олиб қўйилган паспорти масаласи бўйича туман ИИБ масъулина чақириб, бу ишни иложи борича тез ҳал килиш ҳақида топшириқ берган, лекин ҳеч нарса ўзгармаган.
Холиқназар ака туман прокурорига ҳам хат билан мурожаат қилганди. Маълум бўлишича, шу йил 6 ноябрда Жомбой туман прокурори, Адлия кичик маслаҳатчиси Д.Б.Саидқулов Жомбой туман ИИБ бошлиғи подполковник Б.РАХМАТОВга хат ёзган ва хатнинг нусхасини Холиқназар Ғаниевга ҳам жўнатган. Бу қисқа хатнинг матни айнан қуйидагича:
Ушбу билан Сизга фуқаро Х.Ғаниевнинг номаълум шахслар уни орқасидан пойлаб юришганликлари ҳақида ёзган аризаси текшириб, қонуний ҳал этишлик учун ихтиёрингизга юборилмоқда.
Аризада кўрсатилган барча важларни ҳар томонлама тўлиқ ва ҳолисона текшириб, натижаси бўйича ариза муаллифига хабар беришингизни сўрайман.
— Туман прокурорининг миршаблар бошлиғига ёзган шу хатидан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармади, — дейди “Бирлик” фаоли, — аксинча, бошқа ҳаракатлар ҳам бор. Шу кунларда менда математикадан таҳсил олаётган ўқувчи қиз бола соат 18 га яқин уйимга дарсга келаётганида, пойлоқчилар унинг йўлини тўсишиб, унга мен тўғримда таҳдидли оҳангда саволлар беришган. Қизнинг ўксиниб айтишича, бундай ҳол аввал ҳам бир неча марта бўлган экан. Бу гапни эшитиб, дарҳол «02» га телефон қилиб, хабар қилдим. У ердагиларнинг реакцияси ҳамишагидек: «ҳа-ҳа» бўлди-ю аммо ҳеч қандай амалий иш йўқ.
