“Ҳаракат” журналининг ўқувчиларига

Журналнинг охирги икки сони (№ 4(67) ва № 5(68), 2007) ушбу сайтга қўйилганига анча вақт бўлганди. Ҳозир уларнинг қоғоздаги вариантлари тамомланиб, типографига жўнатилди. Журналларнинг қоғоздаги вариантлари устида ишлаш пайтида уларнинг сайтга қўйилган Интернет версияларида баъзи хатолар борлиги маълум бўлди.

Техник сабаблар билан журналнинг шу икки сонидаги “Пўлат Охуннинг паспортини янгилаш сиёсатми?” ва “Ўзбекистонда паспорт ҳам сиёсат” номли мақолаларнинг ҳали хом бўлган вариантлари сайтга қўйилган экан. Ҳозир улар тузатилди, сайтда уларнинг тамомланган вариантлари билан танишишингиз мумкин.

Айни шу шаклда, яъни техник сабаблар билан, журналнинг охирги сонидаги (№ 5(68), 2007) “Бирлик партияси – мухолифатнинг тан олинган лидери” мақоласининг ҳам хом варианти сайтга қўйилган экан. Ҳозир бу хато ҳам тузатилди.

Шу охирги мақолага ҳамманинг диққатини алоҳида тортмоқчимиз.

Маълумки, демократик жамиятларда одамлар ўртасида турли сўровномлар ўтказиб, жамиятнинг у ёки бу масалага бўлган муносабатини ўрганишга катта аҳамият берилди. Айниқса сиёсий партиялар ва сиёсий лидерларнинг рейтингини ўлчаш ўта муҳим масала. Жуда кўп ҳолларда, эълон қилинган рейтинглар баъзи партиялар ва сиёсатчиларнинг тақдирини ҳал қилади. Рейтинги паст бўлган сиёсий партиялар ёки сиёсатчилар сайловларда иштирок этмасликка қарор қиладилар, бундай қадам кейинчалик уларни сиёсий ўлимга олиб келади.

Шу сабабли, рейтингларни белгилаш билан мутлақо мустақил ва холис, айни замонда ишончга эга бўлган махсус компаниялар шуғулланишади. Ўзбекистонда бундайлари бўлмагани учун, ҳар қандай сўровноманинг натижаларини анализ қила билиш ва унинг асосида мавжуд сиёсий партиялар ва сиёсатчиларнинг рейтингини баҳолай олиш жуда керакли бўлган ишдир.

“Бирлик партияси – мухолифатнинг тан олинган лидери” мақоласида айнан шу йўлдан борилган ва “Эрк” партиясининг 53-54-чилар фракциясига оид бир сайтдаги сўровномаларнинг натижаларини анализ қилиб, бу кунда “Бирлик” Партияси бошқаларга нисбатан солиштириб бўлмас даражада юқори рейтингга эга эканлиги кўрсатиб берилган.

Ҳамма ўқувчиларимизни бу каби хулосаларга жиддийроқ қарашга чақирамиз. Чунки, асосли анализ билан “Эрк” сайтидаги каби ножиддий сўровномалардан ҳам жиддий хулосалар чиқариш мумкин.