Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Пўлат Охунга паспорт ўрнига ваъдалар бериш давом этмоқда
“Бирлик” лидерларидан Пўлат Охун февраль ойининг ўрталарида паспортини алмаштириш учун уни керакли идораларга топширган бўлса ҳам, ҳалигача янги паспорт берилмаётгани олдинги хабарларимиздан маълум. У паспорти масаласини ҳал этиш учун Ўзбекистон президентининг қароргоҳи олдида пикет қилишгача борди, аммо натижа йўқ.
Пўлат Охун шу кунларда Тошкентга келиб, Оқсарой олдида муддатсиз очлик эълон қилмоқчи эканлиги ҳукумат одамларининг қулоғига етибди, шекилли, уни бугун эрталаб соат 8 га Шаҳрихон милициясига чақирдилар ва шу ердан мажбурий-ихтиёриш равишда Андижон вилоят милициясига олиб келдилар. Бу ерда “Бирлик”чи билан кўришган расмийлар, паспорт масалса бир неча кун ичида ҳал этилишини, шу сабабли, Тошкентга бориб биронта акция ўтказмаслик кераклигини айтдилар.
Пўлатнинг ўзи мухбиримизга билдиришича, у яна бир неча кун кутишга рози. Унга қарши ҳеч қандай муомала кўрсатилмаган бўлса ҳам, ҳозирча бу қадам ҳам ҳукуматнинг ўйинига ўхшамоқда. Шундай бўлса, у албатта Тошкентга бориб, ўйлаган ишини амалга оширади, чунки, бошқа чора қолмаяпти.
Президент сайлови яқинлашар экан, Тошкентга келувчи турли халқаро ташкилотлар ҳайъатларининг сони кўпаяди, дейди мухбиримиз. Демак, президент қароргоҳи олдида бўладиган очлик эълон қилиш акцияси янада таъсирчан бўлиши аниқ.
