МСК собиқ “Бирлик” фаолининг президентликка номзод бўлишига йўл қўймади

Ўзбекистонда президент сайлови ҳақидаги қонуннинг 25 моддаси 3-чи абзацига кўра, президентликка номзодларни рўйхатга олиш сайловдан 35 кун аввал тамомланиши керак. Демак бу йилги сайловлар учун номзодлар 18 ноябрь ёки ундан олдин рўйхатга олиниши керак эди. Кеча бу хусусда ҳеч қандай расмий хабар бўлмади. Ўзбекистоннинг расмий хабар агентлиги (ЎзА) кечани қўйиб туринг, бугун ҳам шу дақиқаларгача жим.

Бугун МСК раиси М.Абдусаломов қисқа матбуот конференцияси ўтказиб, 4 киши президентликка номзод сифатида рўйхатга олинганини билдирган, аммо, улар қачон рўйхатга олинганини айтмаган. Ҳамма нарса мамлакат президентининг калласида аллақачон ҳал қилиниб бўлганнини ҳамма тушунади. Шунинг учун, савол туғилади — нега МСКнинг қарори бир кун бўлса ҳам кечикиб эълон қилинди? 18 ноябрь бозор куни бўлса ҳам МСК бу ишни осонликча қилоларди.

Қўйилган саволга жавобни рўйхатга олинган номзодлар, яна ҳам тўғрироғи, бу рўйхатга кирмаган номзодлардан қидириш керак. Мана ўша рўйхатдан ўтганлар рўйхати:

Ислом Карим – Либерал-демократик партиядан
Аслиддин Рустамов – Халқ демократик партиясидан
Дилором Тошмуҳамедова – “Адолат” Социал-демократик партиясидан
Акмал Саидов – Сайловчиларнинг ташаббус гуруҳидан

“Миллий тикланиш” ва “Фидокорлар” партиясининг номзодлари рўхатдан ўтказилмаган. МСК нима учун охирги муддатни ҳам ўтказиб юбориб, номозодларни кеч рўйхатга олганини “Миллий тикланиш” партиясининг номзоди Хуршид Дўстмуҳаммаддан қидириш керак.

Маълумки, шу йил 2 ноябрдаги хабаримизда унинг номзоди партия қурултойида кўрсатилганини билдирар экан, номзоднинг собиқ “Бирлик”чи эканлигини ҳам тилга олгандик. Бунинг устига, 11 ноябрда ўзбек мухолифати президент сайловида кимга овоз бериши керак, деган саволни қўйиб, сайловни бойкот қилгандан кўра, ҳаммани Хуршид Дўстмуҳаммад учун овоз беришга чақириш самаралироқ бўлишини ёзгандик.

Мана шу хабарларимиз Ислом Каримнинг ўзи ва атрофидагиларнинг режаларини аралаш-қуралаш қилиб юборганига шубҳа йўқ. Улар ўйлаб-ўйлаб, охир-оқибатда Хуршид Дўстмуҳаммад нинг номзодидан воз кечишган кўринади. Бунинг устига, яна ўша бизнинг хабаримиздан кейин, русларнинг Центразия сайтида ўтказилган сўровномада Хуршид Дўстмуҳаммад Ислом Каримдан ҳам кўп овоз олди, яъни собиқ “Бирлик” фаоли бугунга қадар 53 фоиз овоз олган бўлса, Ислом Карим фақат 28 фоиз.

Бечора Хуршид Дўстмуҳаммаднинг бошига яна бошқа “балолар” ҳам келишини кутиш керак.