Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
ЕХҲТ Россиядаги парламент сайловларини кузатмоқчи эмас, Ўзбекистондаги президент сайловиничи?
Бугун тарқатилган расмий хабарларга кўра, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) шу йил 2 декабрда Россияда бўладиган парламент сайловларига кузатувчилар юбориш ниятидан воз кечган. Маълум бўлишича, Россия расмийлари ЕХҲТнинг кузатувчиларига виза бериш масаласини вақтида ҳал қилмаганлар.
Одатда бошқа мамлакатларда бўладиган сайловлар ва демократик жараёнларнинг бориши ЕХҲТнинг маркази Варшавада жойлашган Демократик Институтлар ва Инсон Ҳуқуқлари Бюроси (ДИИҲБ) томонидан кузатилади. ДИИҲБ вакиллари ЕХҲТга кирувчи мамлакатларда демократик жараёнларнинг боришини нафақат кузатадилар, балки, бу масалада маҳаллий демократ ташкилотларга ҳуқуқий ёрдам берадилар.
– Аммо, – дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат, – нимага эканлигини билмайманку, ДИИҲБ Ўзбекистонга ортиқча эътибор бермайди. Менинг ўзим охирги йилларда АҚШнинг ЕҲҲТ билан шуғулланувчи органлари, хусусан, Хельсинки Комиссияси раҳбарлари билан шахсан учрашиб, ДИИҲБ Ўзбекистонда мухолифат партиялари ва ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларнинг рўйхатдан ўтиш учун қилаётган ҳаракатларини мониторинг қилиши кераклигини гапирдим. Бу хусусда партиямизнинг баёнотларини Хельсинки Комиссиясининг раисдошлари сенатор Браунберг ва конгрессмен Смитга шахсан топширдим. Айниқса, “Бирлик” Партиясини рўхатга олиш масаласи ҳукумат органлари томонидан ойлаб эмас, йиллаб пайсалга солиб келинаётганини урғуладим. ДИИҲБ бу ва бу каби жараёнларни мониторинг қилаётгани ҳақида баёнот берса, шунинг ўзи бизга катта дастак бўлишини айтдим. Мен кўтарган масалалар ДИИҲБ раҳбарияти олдига қўйилажаги ҳақида кўп марта ваъдалар олган бўлсам ҳам, амалда ҳеч нарса бўлмаган. Мен ўзим кўп марта бу Бюро ходимлари билан алоқа қилишга ҳаракат қилдим, бўлмади. ЕХҲТ ва унинг ДИИҲБси бу йил Ўзбекистонда бўладиган президент сайловида қатнашиш учун демократларнинг қилган ҳаракатларига ҳам ҳеч қандай қизиқиш кўрсатгани йўқ. Кўрамиз, унинг вакиллари Ўзбекистондаги сайловларни кузатишга борадиларми, борсалар қандай хулосалар чиқаришади.
