Референдумдан руҳланган Бақиев ақаевчилар мухолифатини тор-мор қилмоқда

Кечаги референдум натижалари тамомийла ўзи истаган йўналишда муваффақият қозонганидан куч олган Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиев бугун парламентни тарқатиб юборди. Бунинг учун баҳона сифатида парламент ва Конституцион суд ўртасидаги келишмовчилик ва бундан келиб чиққан сиёсий кризис кўрсатилган бўлса ҳам, аслида, бунинг сабаби бошқачароқ.

Маълумки, бугунгача ишлаб келган парламент Асқар Ақаев замонида, яъни 2005 йилнинг баҳорида сайланганди. Шу сайловларга норозилик билдирган мухолифат бу мамлакатда рангли инқилоб қилиб, Асқар Ақаевни Москвага қочишга мажбур қилган бўлса ҳам, парламент тарқатилмаган эди. Ўтган икки йил ичида парламант Бақиевга баъзида очиқдан-очиқ, баъзида бир оз бекитиб мухолифатчилик қилиб келди. Бунинг устига аввал Бақиевнинг сафдоши бўлган Феликс Кулов мухолифатчига айланди. У ақаевчиларга қўшилмаган бўлса ҳам, Бақиев учун бош оғриқларидан бири бўлди.

Бундай шароитда, кечаги референдумда мутлақо кўпчилик, ҳатто кутилгандан ҳам кўп қирғизистонликлар (75%) президент ваколатларини орттиришга ва парламентни партиялар рўйхатлари бўйича ўтказишга овоз бергандан кейин Бақиев ҳужумга ўтди. У бугун парламентни тарқатиб юборди.

Феликс Кулов бу йил Россия-Белорусия Иттифоқига қўшилиш ташаббуси билан чиқиб катта хато қилган ва феълан сиёсий мурдага айланганди. Демак, Бақиев хамма рақибларини ютиб, кучли президентга айланди.

– Бақиев ҳамма ҳаракатларини конституция ва демократик принциплар доирасида қилди. Унинг ютуқлари бизга қўшни бўлган мамлакатда барқарорлик учун хизмат қилади, деб умид қилиш керак, – дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. – Аммо, Бақиев артрофидаги диктатор ва авторитар режимлар таъсирида ва ҳозирги ғалабаларидан руҳланиб кетиб, демократиядан чекиниши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бундан 15 йилча аввал, АҚШда чиқадиган машҳур Ньюсуик журнали менинг “Ўзбекистонда нима бўлса, Марказий Осиёда ҳам шу бўлади. Бизда диктатура мустаҳкамланса, атрофда ҳам шундай бўлади, демократия ривожланса, қўшниларимизда ҳам ривожланади” деган сўзларимни эълон қилганди. Қозоғистондги ва Ақаев замонида Қирғизистондаги жараёнлар менинг тўла ҳақ эканлигимни кўрсатган. Агар Бақиев президентлигида Қирғизистон биздан фарқли ўлароқ демократияни ривожлантириш йўлидан кетса, мен башоратларим бирнчи марта тўғри чиқмаганидан хурсанд бўлардим, халос.