Сайлов арафасида “Бирлик” лидерларини таъқиб қилиш кучаймоқда

Ўзбекистон режими сайлов арафасида мухолифатчиларга қарши курашда янги усул ихтиро қилганини айтиш мумкин. “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охунга алмаштиришга топширган паспорти февраль ойидан бери қайтариб берилмаяпти. Партия раиси Абдураҳим Пўлат мамлакатга қайтиш учун янги паспорт берилишини сўраб Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчилигига шу йил 1 сентябрда берган мурожаати ҳали ҳам жавобсиз қолмоқда.

Шу кунларда навбат партия раисининг бошқа ўринбосари Холиқназар Ғаниевга келганга ўхшайди. У киши ҳеч бир асоссиз милиция тарафидан шу йил 9 августда олиб қўйилган паспортини қайтариб берилишини талаб қилиб қайта-қайта мурожаат қилишига қарамасдан, ҳозиргача натижа йўқ.

Август ва, айниқса, сентябрда сайлов кампанияси бошланишидан бери унинг ўзи ва уйи кеча-кундуз кузатув остида қолмоқда. Пойлоқчилар оила аъзоларининг орқасидан изма-из юришибди. Бугун эрталаб 9-10 орасида Холиқназар ака Жиззах вилоятидаги дўстиникига тўйга бориш учун Самарқанддаги Улуғбек расадхонаси ёнидаги автобекатда Самарқанд-Пахтакор йўналиши бўйича қатновчи автобусга ўтирганида, пойлоқчиларнинг чақириғи билан етиб келган икки МХХ ходими уни куч ишлатиш таҳдиди билан автобусдан тушишга мажбур қилишган ва ўзларининг давлат рақами олиб қўйилган «Нексия» русумли автомашиналарида Жомбойгадаги уйига обкелиб қўйишган.

Кўринишидан «операция» раҳбари бўлган 30-35 ёшлардаги йигит, машина ичидаги “Бирдик”чига йўл-йўлакай уйда тинч ўтириши кераклиги ҳақида панд-насиҳат қилиб, акс ҳолда, бошига кўп ғавғолар тушишини шаъма қилган.