Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Сайлов ўйинлари кутилганидек ривожланоқда
Аввалги хабаримизда бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлис ўтгани-ю, унда Президентликка сайловларда иштирок этишга қатнашувчи сиёсий партиялар ва ташаббускор гуруҳлари рўйхатга олингани ҳақида қарор қабул қилингани ҳақида айтгандик. Маълум бўлишича, режим бу кампанияни ўзининг сиёсий чўнтаклари ва бир ташаббускор гуруҳдан чиққан номзоди билан давом эттиришни режалаштирган. Бугунги Марказий сайлов комиссияси қарори амалда ана шу ўйинни ҳужжатлаштирди. Демак, МСК раиси М. Абдусаломовга кўра, бешала сиёсий чўнтаклар яқин кунларда ўз Қурултойларини ўтказадилар ва Президентликка номзод масаласини ҳал этишади.
Биргина сайловчилар ташаббус гуруҳи сайловда иштирок этишни сўраб мурожаат этган ва гуруҳнинг талаби қондирилиб, уларнинг қатнашиши учун рухсат этилди. Энди ташаббус гуруҳи (ҳойнаҳой, номзод Акмал Саидов) 9 ноябрга қадар 814 870 нафар сайловчининг (умумий сайловчилар сони 16 миллион 297 минг 400 киши) имзосини йиғиши лозим. Бироқ сайлов кампаниясининг бугунги мажлисида “Бирлик” Партияси фаолларидан иборат Ташкилий Қомитетнинг комиссияга мандат сўраб мурожаат қилгани, шунингдек, Ҳуқуқ ҳимоячилари Альянси аталмиш жамоа фаолларининг талаблари ҳеч бир шаклда тилга олинмаган.
Ваҳоланки, “Бирлик” Партияси фаоллари шу йилнинг 17 августида ўзининг Марказий Кенгаши Ҳайъати мажлисини ўтказишган, мажлисдан сўнг ташаббускор гуруҳни тўплаш ва унинг мажлисини ўтказиш бўйича Ташкилий Комитет барпо этишиб, МСКга мурожаат этишганди. Яъни, 21 сентябрь куни Комитет раҳбарлари Ҳайитбой Абдуллаев ҳамда Васила Иноятлар МСКда бўлишиб, раис ўринбосари Шуҳрат Полвонов билан музокара қилишганди. Кейинчалик, аниқроғи 28 сентябрь куни, Шуҳрат Полвонов Васила Иноятга “Бирлик”нинг Президентликка номзоди Абдураҳим Пўлатни шахсан кўрмоқчилигини, унинг паспорти билан келиши лозимлигини таъкидлаганди.
Бироқ МСК Ташкилий Комитетнинг аризасини қабул қилмагач, у почта орқали буюртма асосида жўнатилганди. Ўша хатга МСК аъзоси бугун МСК аъзоси К,Адилов имзоси билан жавоб хати келди. Хат 2007 йил 8 октябрь санаси билан белгиланган, сони 272/4.
Хатда Ўзбекистон қонунларидан баъзи кўчирмалар келдирилган ва гўёки уларга асосланиб, ташаббускор гуруҳнинг мажлиси сайлов кампанияси бошланмасданоқ ўтказилгани қайд этилган ва бу қонунга зид эканлиги билдирилган. Ваҳоланки, МСКга сайловчилар ташаббускор гуруҳ мажлисининг эмас, у ҳақиқатда 21 сентябрдан кейин ўтказилиши керак, Ҳайит Абдуллаев имзоси билан Ташкилий Қўмита мажлисининг баённомаси почта орқали юборилган бўлиб, айнан ташаббускор гуруҳ мажлисини ўтказиш учун рухсат бериш сўралганди. МСКнинг аъзолари шундай нарсанинг фарқига ҳам боришмаган, ёки ҳар доимгидек вақт ўтказиш учун ўзларини тушунмаганга солишган.
Албатта, “Бирлик” Партияси раҳбарияти ҳамда фаоллари мазкур масалани муҳокама этиб, керакли қадамларни қилишади. Шунингдек, партия фаолларидан иборат ташаббус гуруҳи аъзолари Марказий Сайлов Комиссияси билан музокараларни давом эттиради. Уларнинг таъкидлашича, МСК билан кураш энди ҳуқуқий майдонга кўчади. Гуруҳ фаоллари, кеарк бўлса, мамлакат Олий судига ҳам мурожаат этиб, ўз манфаатларини ҳимоя қиладилар.
