Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Демократларга қарши сайлов олди провокациялар оддий ҳол
Бундай провокацияларни ҳамма ерда ишлатишга ҳаракат қилишади. Мисол сифатида икки воқеани келтириш мумкин.
Биринчи мисол Украинадан. 28 август куни кўпчилик аъзолари Янукович-Мороз коалициясининг контроли остида бўлган Украина Марказий Сайлов Комиссияси номаълум одамларнинг аризаси билан 2004 йилдаги зарғалдоқ инқилобининг етакчи кучларидан бири бўлган “Пора” партиясини феълан Украина президенти Виктор Юшченко раҳбарлигидаги “Бизнинг Украина – Халқ мудофааси” (“Наша Украина – Народная самооборона”) блокидан чиқариб ташлаган эди. Бугун Киев шаҳар маъмурий суди МСКнинг бу қарорни ноқонуний деб топгандан кейин, МСК адолатни тиклашга ва “Пора”ни “Бизнинг Украина – Халқ мудофааси” блокига қайта киритишга мажбур бўлди. Провокация мағлубиятга учради.
Иккинчи мисол Ўзбекистондан. Мамлакат тақдири учун муҳим бўлган президент сайлови кампанияси феълан бошланган бир вақтда, ўзбек мухолифати ичидаги бир гуруҳ ҳаммани сайловолди кампаниясидан чалғитиш мақсадида, олижаноб шиорлар билан ўралган бир провокацияни бошлади. Унга кўра ҳамма ёшлар ўз партияларига ҳиёнат қилиб, қандайдир янги тузилаётган ташкилотга киришлари керак. Ёшларни мухолиф партиялардан четда тутиш ҳозирги режимнинг мақсадига мувофиқ бўлгани учун, бу провокация кимнинг сценарийси билан бўлаётган ҳам аниқ. Шу сабабли, ёшлар бундай тузоққа тушишларини кутиш ақлсизликдир. Яъни, бу провокация натижасиз битиши ўз-ўзидан маълум.
Аммо, бир нарса ҳар қандай одамни ўйлатиб қўяди. 1989 йилда Ўзбекистонда парламент сайловлари арафасида “Бирлик” халқ ҳаракатини парчалаган 53-54-чиларнинг орқасида мамлакат президенти Каримовнинг ўзи турган бўлса, Украинадаги провокациянинг оқасида ҳукумат раҳбари (Янукович) ва парламент раиси (Мороз) турибди.
Қизиқ, ўзбек мухолифатини сайловлар арафасида болталашга, ёшларни сиёсатдан, сиёсий партиялардан узоқроқ тутишга интилаётганларнинг орқасида ким бор?
