Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
“Бирлик”нинг мажлиси муваффақиятли ўтди, режим оёққа туган бўлса ҳам
Аввалги хабаримизда Тошкентда “Бирлик” партияси Марказий кенгаши Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси бошлангани хусусида билдиргандик. Маълум бўлишича, бугун куннинг иккинчи ярмида ниҳоясига етган мажлисга Ҳайъатнинг Тошкентлик аъзоларидан (партия Бош Котиби Васила Иноят ва бошқалар) ташқари Самарқанд (Холиқназар Ғаниев), Хоразм (Комилжон Жуманиёзов), Фарғона (Ҳамдам Сулаймон), Қашқадарё (Дайнов Ташанов) вилоятларидан сайланган партия Марказий кенгаши Ҳайъати аъзолари етиб келишган. Бухоро (Саидбурҳон Қодиров), Сурхондарё (Шавкат Турсунов), Наманган (Носир Зокир) ва Тошкент вилояти (Исомиддин Тўланов)дан йўлга чиққан партия фаоллари маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан тутиб қолинди. Шундай бўлса-да, улар мажлис ўтказилаётган ерга телефон орқали боғланишиб, мажлисда квориум бўлишини таъминлашди. Мажлис қатнашчилари билан телефон орқали мулоқотда бўлган партия раиси Абдураҳим Пўлат (АҚШ) ҳамда раис ўринбосари Исмоил Дадажон (Швеция) ўз фикрларини билдириб, йиғилишда феълан иштирок этишди.
Кун тартибидаги асосий масала — олдиндаги президентлик сайловларида фуқароларнинг ташаббус гуруҳлари орқали иштирок этиш муҳокама этилди. Партия раҳбариятининг шу пайтга қадар чиқишларида таъкидланаётганидек, расман рўйхатдан ўтмаган партия учун сайловларда иштирок этишга уринишнинг ягона қонуний ва самарали йўли ҳамда бирдан-бир имконияти — Сайловчиларнингг Ташаббускор Гуруҳлари (СТГ) тузиш ва улар орқали партиянинг номзодини олға суриш экани бугунги мажлисда ҳам қайд қилинди. Муҳокамалар чоғида СТГни ташкил этиш механизми ишлаб чиқилди ҳамда партия Марказий кенгаши Ҳайъатининг бу борадаги қарори қабул қилинди. Аввал эълон қилинганидек, “Бирлик” Партиясининг президентликка номзоди – партия лидери Абдураҳим Пўлат.
«Бирлик» Марказий Кенгаши Ҳайъатининг мажлисидан сўнг, сайловда бу партиянинг номзодини президентликка мустақил номзод сифатида кўрсатадиган Сайловчиларнинг Ташаббускор Гуруҳини ташкил этиш юзасидан Ташкилий қўмита мажлиси ҳам ўтказилди. Ташкилий қўмита раҳбарлигини «Бирлик» Партияси Марказий Кенгаши Ҳайъатининг аъзоси, партиянинг Тошкент шаҳар ташкилоти раиси Ҳайитбой Абдуллаев зиммасига олди. У вақти келганда ташкил этилажак СТГнинг ваколатли вакили (Ўзбекистон қонунларида шундай мантиқсиз ибора ишлатилган – «Ҳаракат») лавозимига ҳам тавсия этилади, Марказий Сайлов Комиссиясига расман мурожаат этади, мандат олади ҳамда гуруҳ мажлисини ўтказишга раҳбарлик қилади.
Бугунги Ташкилий қўмита мажлисида партиянинг 10 та вилоят бўлимларининг ҳар бирига СТГда қатнашиш учун 15 сентябргача 40 нафардан ортиқ сайловчининг рўйхатини тузиш вазифаси топширилди. Бу борада аввало ҳуқуқ ҳимоячилари, демократик мухолифат ва бошқа демократик руҳдаги гуруҳларнинг вакилларига таяниш лозимлиги қайд этилди. Сайлов кампанияси эълон қилинишига ҳали бир муддат вақт бўлишига қарамай мазкур кампанияга тайёргарликни кучайтириш чоралари кўрилиши лозимлиги урғуланди.
Ташкилий қўмита номидан тез кунларда Ўзбекистондаги ҳамма демократик кучларга мурожаат қилиб, Сайловчилар Ташуббускор Гуруҳини уюштириш ва унинг мажлисини ўтказишда ҳамкорликка чақиришга келишилди.
“Бирлик”нинг МК Ҳайъати мажлиси очиқча бўлмаса ҳам, етарлича жиддий босимлар остида ўтди, дейди мухбиримиз. Мажлис бўлаётган ҳудуд миршаб ва фуқаро кийимидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ўраб олиниб, кўплаб партия фаолларнинг келишига йўл берилмади. Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг таъкидлашича, Жиззахда ҳатто “Бирлик”ка алоқадор бўлмаган шахслар ҳам назоратга олинган.
