Пўлат Охунга паспорт беришни пайсалга солишмоқда

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаолларидан маълум бўлишича, ҳозирда Шаҳрихонда истиқомат қилаётган “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Пўлат Охуннинг ички ишлар идораларига паспортини алмаштиришни сўраб қилган мурожаатлари оқибатсиз қолдирилмоқда. Мана икки ойдирки, Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси Хорижга чиқиш-кириш ва фуқаролик бўлими “Бирлик” фаолининг СL 0022103 рақамли муддати тугаган паспортини алмаштириб беришни пайсалга солиб келмоқда. Яъни, Пўлат Охуннинг бу ҳақдаги аризаси ҳеч бир жавобсиз, оқибатсиз қолдириляпти.

“Шу сабаб билан мен на оилам, на фарзандларим билан кўриша олмаяпман. Бирор жойга бориб ишга жойлашиш имкониятим йўқ. Мени тўрт яшар қизчам ҳар телефон қилганимда “Дада милиция паспортингизни бердими?” деб сўрайди, ҳар сафар “паспортимни эртага беришади” деб қизимни икки ойдан бери юпатиб юрибман” дейди Пўлат Охуннинг ўзи.

Маълум бўлишича, Пўлат Охун Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўлароқ, Андижон вилояти ИИБ ХИК ва ФРБ томонидан СL 0007515 рақамли хорижга чиқиш (овир) визасини ҳам олган. Шунга қарамай унинг мамлакатимиз фуқаролигига шубҳа бормиш. Бироқ Пўлат Охун ўзининг Швеция фуқаролигини олгани тўғрисидаги маълумотнинг нотўғри эканлигини исботловчи далил ҳам келтирган: Швеция Қироллигининг Москвада жойлашган элчихонасидан (Ўзбекистонга ҳам хизмат қилади) 09.05-2007 й.да олган маълумотномага кўра, у Швеция фуқароси эмас. Аксинча, унинг бир марта Ўзбекистон ҳудудига Швеция паспорти билан киргани унинг фуқаролигига далолат қилмайди. Пўлат Охуннинг таъкидлашича, у хавфсизлик важидангина БМТнинг қочқинлар бўйича агентлиги ва Швеция ҳукуматининг вақтинчалик паспорти билан кирган.

Мазкур масала юзасидан суриштирувлар олиб бораётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ҳозирда Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигига мурожаат этган.