ЕИ санкцияларини юмшатиброқ давом эттиради, «Бирлик»нинг фикри инобатга олинган

Бугун Европа Иттифоқи кирувчи мамлакатларниннг Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Ўзбекистонга нисбатан эълон қилинган жазо санкцияларининг тақдири кўриб чиқилди. У ердаа ўзаро зиддиятли қарашлар, бир-бирига мутаносиб бўлмаган фикрлар янграган бўлса-да, умумий натижада санкциялар муддатини узайтириш қарорига келинган. Ўзбекистонга қурол сотмаслик муддати 1 йилга чўзилган бўлса, баъзи ўзбек расмийларига Европа Иттифоқига кириш учун виза бермаcлик муддати 6 ойга чўзилган. Аммо, аввалги рўйхатдан 4 кишининг, жумладан, Ўзбекистон Мудофаа вазирининг исми олиб ташланган.

Ўтган йили 6 ноябрдаги “Бирлик” Партиясининг баёнотида ва партия раиси Абдураҳим Пўлатнинг 24 ноябрдаги ЕИ Бош Комиссари Соланага ёзган мактубида Ўзбекистон билан алоқаларни нормаллаштириш, яъни санкцияларни йўқ қилиш, ёки юмшатиш Ўзбекистонда реал демократик ўзгаришларнинг бошланиши эвазига бўлиши кераклиги айтилганди. У мактубга жавоб шу йил 16 январда жаноб Солананинг маслаҳатчиси Энрика Мора номидан келганди. Унинг хатида Европа Иттифоқи расмийлари Ўзбекистон вакиллари билан учрашувларида “Бирлик” ҳам кўтараётган инсон ҳуқуқлари ва демократия масалаларини доимо тилга олиб келаётганлари ва ЕИ бу принципиал масалаларда ҳеч қачон орқага чекинмаслиги ифода қилинган.

Кўриниб турибдики, ЕИ ўз ваъдаларини бажармоқда. Ўзбекистонда жиддий ўзгаришлар бошланмади, ЕИ ўз санкцияларини кучида қолдирди.