Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Туркия сўл партияларининг сўлда, ўнгдагиларининг ўнгда бирлашиши бизга ўрнак бўлар
Туркия парламентига эрта сайловлар эълон қилиниши, бу мамлакатдаги сиёсий жараёнларнинг ҳароратини яна ҳам оширмоқда.
Эртага Туркия Буюк Миллат Мажлисида президент сайловининг биринчи тури қайтадан ўтказилади. Ҳокимиятдаги Адолат ва Тараққиёт Партияси эртага бўладиган овоз беришда 367 киши қатнашсагина, ўз номзодини кейинги турларга олиб чиқиш имконига эга бўлади. Шу сабабли, Туркия оммавий ахборот воситаларининг айтишича, ҳозир бу партия бошқа партиялардан ўзига тарафдор қидириб, пардалар орқасида жанг олиб бормоқда.
Айни пайтда, бир маҳаллар Туркиянинг сиёсий саҳнасида катта роль ўйнаб, ҳозир маргиналлашиб қолган партиялар бўладиган сайловларда 10 фоизли тўсиқни ошиб ўтолиш учун йўллар қидирмоқдалар.
Бугун хабар қилинишича, икки марказчи-ўнг партияларининг (Тўғри Йўл Партияси ва Она Ватан Партияси) раҳбарлари бир орага келиб, партияларини бирлаштиришга қарор қилганлар. Сайловчилар ичида ўтказилган йўқламаларга кўра, Тўғри Йўл Партияси якка ўзи сайловда иштирок этса 8,5 фоиз, Она Ватан Партияси эса 2,5 фоиз атрофида овоз оладилар ва парламентга киролмайдилар. Демак, уларнинг бирлашиш қарори мажбурийдир.
Бундай мажбурийликдан фақат хурсанд бўлиш керак, дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. Чунки бундай қадам қилиш, сайловчиларнинг иродасига бўйсиниш бўларди. Ўзбекистонда нормал сиёсий муҳит бўлса эди, ҳозирга мухолифатдаги ҳамма партиялар “Бирлик”да бирлашишдан бошқа йўллари қолмасди, чунки, принципиал нуқталарда “Бирлик”дан ҳеч фарқи бўлмаган бундай партияларга, улар фақат партия бўлишни истаганлари учунгина овоз беришни истаганлар жуда оз бўлиши табиий нарса. “Бирлик”нинг мустақиллик учун ва ҳозирда диктатурга қарши амалда курашаётгани халқ тарафидан эътироф этилажаги эса, шубҳа остига ҳам олинмйадиган фактдир. Мен бугун бу хусусда фикрларимни Туркиядаги ўзбекларнинг лидери, бир маҳаллар Она Ватан Партиясининг раис ўринбосарлигигача, парламент депутати ва вазир лавозимигача кўтарилган профессор Аҳад Андижон билан ўтказилган телефон суҳбатимда ҳам тилга олдим. Туркияда бу партияларнинг бирлашиши амалга ошса, бу воқеа ўзбеклар учун ҳам муҳим ўрнак бўлган бўларди.
Сўлдаги партиялар ҳам бирлашиш ҳаракатидалар. Бундай партиянинг сони учта – Отатурк тарафидан қурилган социал-демократик типидаги Жумҳурият Халқ Партияси (ЖХП), Демократик Сўл Партия (ДСП) ва Сўлчи Халқ Партияси (СХП). Шу кунда ЖХПнинг парламентда 151 ўрни бор, у онамухолифат партияси. Қолган икки партия эса, жамоатчилик ичидаги йўқламага кўра, 1-2 фоиздан кўп овоз ололмайди. Шу сабабли, бирашиш ЖХП томи остида бўлса керак.
