Васила Иноятнинг Толиб Ёқубга очиқ хати

Жаноб Яқубов!

Дардларингизни бўйнингиздан соқит қилувчи мақолангизни ўқиб, ниҳоят мени ҳам мақтаб, қилган ишларимни юзага чиқарадиган одам топилганидан бениҳоя ҳузур қилдим. Ажойиб! Антиқа! Антиқалиги шундаки, ўзингиз ҳам анча енгил тортган кўринасиз. Бу – мақолангизнинг сўнгида «этим сказано все», «я сказал все» деганингиздан кўриниб турибди. Мени у ер-бу ерда кўриб қолсангиз қучоғингизни очиб қарши олган пайтларингизда дардларингизни кўзма-кўз, юзма-юз тўкиб солсангиз эди, балки ичингиз бундан-да тозаланарди. Ёки аввал мендан қўрқармидингиз? Назаримда, мендан яхшигина чўчирдингиз. Сабаби мени ўзингизга «оппонент» деб билардингиз ва пайимни қирқиш учун ҳар қандай вазиятдан фойдаланишга ҳаракат қилардингиз. Энди эса Парижга жойлашиб олганингиздан фойдаланибсиз. Начора. Мен очиқ курашда тобланганман ва бундай курашга доимо тайёрман.

2000 йил 14 декабрь куни Олматада очиқлашув қиламиз, Сиз билан юзма-юз гаплашамиз деб 27 нафар фаол тўпландик. Уларнинг аксар кўпчилиги бирликчилар эди. Барча Сизнинг Бирлик пулини (катта миқдорда) еб кетганликда, хиёнатда айбламоқда эди. Лекин Сиз «бу КГБнинг фитнаси» дея ҳаммани уриб, хонадан қочиб кетгандингиз. Наҳотки ҳамма бирданига КГБнинг одамига айланиб қолган бўлса? Айбингиз бор эди, тиззангиз қалтираб ҳақиқат олдида дош беролмадингиз. Мен ҳозир Сизнинг мақолангизга жавоб ўлароқ айбларингизни санаб ўтирмоқчимасман. Мени бу даражага тушириш учун Толиб ака деганлардан ўнтаси бир қопга жойланиб ҳаракат қилиши керак бўлади. Аллоҳга шукрларким, Сиз биттасиз (!).

Одамларни ўзингизга ишонтириш учун Аллоҳ номи билан қасам ичишни илгаридан хушлар эдингиз. Одатингизга содиқ қолиб «Аллах видит, я ни на секунду не отступал от идей «Бирлика» деб юборибсиз. У ҳолда Аллоҳ мана бу килмишларингизни кўрмаган деб ҳисоблайсизми?

– Сиз эмасми, Жамият аъзоларини Бирликдан чиқишга ундаган?!
– Сиз эмасми, Бирлик ғояларига қарши ҳали Озод деҳқончилар билан, ҳали «Серқуёш»чилар билан Жиззахда иш олиб борган, Жиззах бирликчиларини А.Пўлатовга қарши қайраган?!
– Сиз эмасми, Бахтиёр ака Ҳамроев ва Тўлқин Қораевни Бирликдан чиқишга мажбур қилган?!
– Сиз эмасми, жамият атрофига тупланган бирликчиларга Пўлатовнинг ғийбатини қилиб, Бирликка тупириб ўтирган?!
– Сиз эмасми, Бирлик туфайли ёқаси оқариб, оғзи мойга ботган?! Дунёни кўрган?!
– Сиз эмасми, Исмоил Дадажонов билан вилоятма-вилоят йиғилишлар ўтказиб юрган пайтимизда НЕДни алдаб (берган ҳисоботларингиз менда сақланган, истасангиз оммалаштириб бераман, фақат ўзингиз истасангиз) «Документы Бирлика и Эрка находятся на грани регистрации» деб ёлғон ҳисоботлар эвазига ўтирган кўрпачангиз қатини қаппайтирган?!
– Сиз эмасми, Бирлик ҳаракатнинг 12 йил оралаб ўтказган Қурултойига Ҳайъат аъзоси бўла туриб, таклифнома ола туриб, қўл силтаган?!
– Сиз эмасми, Жамият аъзоларининг, яъники бирликчиларнинг товоғига қўлини суқиб, уларнинг нонини туя қилиб, қон қақшатган, уларни охир-оқибат безитиб тарқатиб юборган?!
– Сиз эмасми, Андижон воқеалари муносабати билан қамалган Андижонлик ва Қўқонлик бирликчиларимизни озод қилиш йўлида юзма-юз келишганимизда ҳам бир оғиз уларни сўраб қўймаган! Уларнинг озод бўлиши йўлида ҳатто муҳим учрашувларда ҳам бир оғиз сўз айтмаган?!
– Сиз эмасми, марҳум Шовруқнинг (Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин!) ўлимини қарсак чалиб кутиб олган. «Ана энди, биз Жамиятимизни овоза қиламиз» деган қабиҳона сўзларингизга кўпчилик гувоҳ!
– Сиз эмасми, Жамиятнинг асосчиси Абдуманноб Пўлатовни (гарчи унинг ўзи ҳам раис бўламан деб талпинмаётган бўлса ҳам) Жамиятдан четлаштирган. Жамиятни сақлаб қолишда, унинг фаолиятини тиклашда ва жамиятнинг барча аъзоларини бир неча йил техник ва молиявий таъминлаб туришда, қолаверса Жамиятнинг дунёга танилишидаги Абдуманноб аканинг хизматларига нонкўрлик қилган?!
– Сиз эмасми, Жамиятни рўйхатга олдирмаслик учун жон-жаҳд билан ҳаракат қилган, қонун талабларини бажармаган, 10 йил аввалги ҳужжатлар билан кўзбуямачилик қилган?!
– Сиз эмасми, Бирлик туфайлигина «порахўр Яқубов»дан «господин Якубов»га айланиб Париж минораларини тунлари сайр қилаётган, жаҳон жамоатчилигини ёлғон хабарлар, сохта кўрсаткичлар билан чалғитган?!

Санайверсам адоғи борми?!

Жамият аъзолари Сизнинг қабиҳ фитналарингиздан, молиявий кўзбўямачиликларингиздан безиб, қочгани жой тополмай менинг ёнимга келишди. Мен ҳеч кимнинг кўкрагидан итармадим. Чунки улар бирликчилар эди. Мен йиғинларимизда шеър ўқиганимда, дарвоқе, Сиз қатори тик туриб қаршилаган, кўкрагини барча бало-қазоларга тутиб берган бирликчиларимиз эди. Мен уларга хиёнат қила олмасдим. Сиздан фарқли ўлароқ ғийбат ва фитналардан узоқ бўлдим. Нон топдим ва улар билан бирга баҳам кўрдим. Қувончу-азасида бирга бўлдим. Қамоқхоналарига кириб бордим ва катта кўпчиликни қамоқхоналардан олиб чиқишга муваффақ бўлдим. Мен бирликчиман дегани борки, ёрдамимни аямадим. Мен аёл эдим, шунга қарамай, тунлари оилам билан вилоятма-вилоят юришдан чарчамадим, улар билан бир пиёладан чой ичишни ўзимга шараф деб билдим. Мен уларни бугунгача қадрлайман ва улар учун жонимни беришга ҳам тайёрман.

7 нафар Жамият фаоллари учун битта фотоаппарат сўраганимда «мен уйимни ремонт қилган бўлсам, нима, мен сенларга фотоаппарат ҳам олиб беришим керакми?» дея ўқириб бердингиз. Ваҳолангки, ўша пайтда Бирлик эвазига белингиз букилмайдиган даражада эди. Мен шу куни Жамиятдан чиқиб кетдим. Бунга хонангизда ўтирган 15 нафар фаол гувоҳ. Кейинчалик улар ҳам номингизни атамай қўйишди. Сиз одамларнинг қадрига етмадингиз, уларни пучак пулга олмадингиз. Сиз бизга битта фотоаппаратни раво кўрмадингиз. Мен эса нафақат эзгуликчиларимни молиявий, балки уларни техник томондан ҳам таъминлаб қўйдим. Бу Аллоҳнинг менга берган ҳадяси, қолаверса синови эди. Бугунги кунда вилоят раҳбарларимнинг барчасида, баъзи бир шаҳар, туман бўлимларимизда ҳам компьютер, фотоаппарат, диктофон, юридик адабиётлар бор. Ишонмасангиз сўраб-суриштириб олинг!

1998 йилдан бошлаб Жамият ишида ўта фаол бўлдим. Буни ҳар қалай инкор қилмассиз. Эртадан кечгача судма-суд юриб, айниқса Жаслик қамоқхонасига бориб Сизга ахборот олиб келардим. Сиз эса уларни ўз номингиздан тарқатиб ўтирардингиз. Кейинчалик бундай ҳулқингиз Урлаева қатори 16 нафар фаолларнинг ҳам жонига тегди ва улар Сиздан юз ўгиришди, Сизни лаънатлай-лаънатлай Жамиятдан чиқиб кетишди. Мен ва мен учун жуда қадрли бўлган Музаффар Мирзо ва Аҳмад акаларнинг Америкага кетишимиздан бехабар Жамият қурултойини 2001 йил 25 сентябрга режалаштирдингиз. Жамиятда аҳвол чатоқ ва Сиз раис булиб сайланмай қолишингиз мумкин эди. Бизнинг сафаримиз 28 сентябрда бошланишини билиб қолдингиз ва жон-жон деб Жамият қурултойини 5 октябрга кўчирдингиз. Қурултойда бизнинг иштирокимизсиз ҳам шарманда бўлдингиз. Устав қабул қилинмади. Лекин Сиз раис бўлиб олдингиз. Аниқроғи баённома шундай тузилди.

«Эзгулик»нинг Таъсис қурултойидаёқ (19 февраль 2002 йил) биз (Абдураҳим аканинг талаби билан) Сизнинг юқорида санаб ўтилган «хизматларингиз» ва «садоқатингиз»га қарши курашни тўхтатганмиз ва Жамиятимизнинг номини Тоҳир ака Умаровнинг ташаббуси ва Қурултой қарори билан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти деб атаганмиз. Жамиятимизнинг номи инсонларни савоб иш қилишга, эзгу ишларни амалга оширишга чақиради ва мен унинг раҳбари ўлароқ ҳеч қачон бу ғояга қарши иш юритмадим. Сизга қарши курашни тўхтатганимиз Искандар ака, Ҳайитбой Ёқубов, Комил Ғофуров, Суҳроб ва яна 4 кишининг норозилигига сабаб бўлди ва улар бизнинг Қурултойимизда ва кейинчалик ҳам фаолиятимизда қатнашмадилар.

Бирлик сўзи ҳукумат раҳбарияти, унинг катта кўпчилик қисмини қўрқувга, титроққа солгани рост. «Эзгулик»нинг 98 фоизи бирликчилардан иборат экани ҳам рост! Мен буни ҳеч қаерда яширмаганман ва айнан шу кўрсаткич билан Адлиядан рўйхатга ўтишга эришганмиз. Бу бизнинг бир йиллик меҳнатимиз, курашимиз маҳсули. Бу халқаро ташкилотларнинг, дипломатик корпус вакилларининг саъй-ҳаракатлари! Бу бизнинг қонунларни тан олганимиз, унинг талабларига жавоб бериб, ҳукумат идораларини ҳам қонуний ишлашга мажбур қилганимизнинг натижасидир! Биз қонунларни ҳаракатга келтирдик. Биз курашдик ва енгиб чикдик. Биз яқинда қайта рўйхатдан ҳам ўтдик. Ўтган вакт ичида ҳукумат томонидан бир неча ашаддий текширувлардан ҳам ўтдик. Биз ҳукумат текширувларидан, сариқ чақасиз қолиб кетишдан қўрқмадик! Қўлимиз ҳалол, виждонимиз тоза!

А.Байбулатовни мен МХХга хизмат қилганини кўрмаганман. Гумон ҳам гуноҳ. Лекин унинг Сизни кирдикорларингизни фош қилиб ёзган мақолаларига қарши чиққанимда у мени судга берди. Сизнинг кўрсатмаларингиз билан Жиззахда «Эзгулик» конференцияси ўтиб, Сизга маъқул келган одамни сайлашибди. Бунинг учун эса мен А.Байбулатовнинг биринчи душманига айландим. Мен ҳақимда аёвсиз мақолалар ёзиб интернет орқали тарқата бошлади. Менинг устимдан айни сайлов арафасида Республика прокуратурасига «террор ишларини тайёрлаяпти» дея ариза берди Бу ҳаракатларни тўхтатиш, А.Байбулатовнинг таъзирини бериб қўйиш З.Алматовнинг қўлидан келмасмиди, агар мен унинг ҳамтовоғи бўлсам. Менга нисбатан жиноий иш қўзгатилди. Қўқон шаҳридан менинг номзодимни Олий Мажлис депутатлигига қўйиш учун 300 дан ошиқ одам мажлис ўтказмоқчи эканлигини Исмоил ака маълум қилдилар. Лекин А.Байбулатовнинг саъй-ҳаракати туфайли мен ўз номзодимни қўя олмадим. Яхши ҳамки, депутат бўлмабман. Бўлмаса ўзингизни осиб қўяр экансиз (астағфирулло).

Пикетларга қарши чиққаним рост. Сабаби ҳуқуқ ҳимоячилари индивидуал аризачилар билан пикетда ёнма-ён турмайдилар. Балки улар у ерда умумий аҳволни назорат қиладилар, кузатадилар ва керак бўлса аризачиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладилар. Қонуний ташкилот бўлгани учун ҳукумат идораларига расмий мурожаатлар қиладилар. Лекин масала бориб Жамиятнинг умумий ҳақ-ҳуқуқларининг топталишига бориб тақалса, унда Жамият аъзолари Марказий Бошқарувнинг қабул қилган қарорига кўра ҳар қандай норозилик актларини ўтказадилар. Милиция халқи пикетчилар қолиб ҳуқуқ ҳимоячиларини тортқилаб кетишини гўё билмайсиз. Шунинг оқибатида бугунги кунда 4 нафар фаолимиз қамоқда ўтирганини ҳам гўё билмайсиз?! Гўё «Гат-гат қилган карнайчи, балога қолган сурнайчи» мақолини ҳам билмайсиз, господин Якубов!

Абдураҳим аканинг Ўзбекистонга келишини ҳаммадан ҳам кўра мен жуда истайман, лекин у одамни йўқотиш қандай оқибатларга олиб келишини билганим учун ҳам, қолаверса, Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз билан шароит ярата олмаганимиз учун ҳам қарши бўлганман. Сизнинг ва Сиз кабиларнинг айбингиз билангина А.Пўлатов ва бошқаларнинг юртга қайтиши қийин бўлаётганидан, наҳотки, ўз айбингизни хис қилмайсиз? Яна ҳукумат А.Пўлатовнинг Ўзбекистонга келишни асло истамайди деб ҳам қўяр экансиз. Кўришни истамаган одамини ҳукумат нима қилишини ҳали танагизда хис қилмасдан туриб жуфтакни ростлаб қолдингизку. Бошингизга арматура тушса нима қилардингиз?! Мен Жаҳонгир Маматовнинг оиласини Тошкентдаги уйидан ёмғир қуйиб турганда қандай улоқтириб ташлашганини яхши эслайман. А.Пўлатовнинг бир ўлимдан қолгани, Анвар аканинг портлатилган уйи, Пўлатжон, Абдуманноб аканинг қамалиши, Ёдгор аканинг кўрган заҳматлари уларни юртни ташлаб кетишга мажбур қилди. Лекин Сизни эса Париж минораларидаги ранг-баранг чироқ ёғдулари имлаб қўйишмади. Қасам ичманг. Қасамхўрлик гуноҳ!

Назаримда, кейинги пайтда Сиз худоликка ҳам даъво қила бошладингиз. Акс холда, Сиз мени ҳукумат кўрсатмаларини бажараётганимни, З.Алматовнинг хонасига хоҳлаганимда кириб, хоҳлаганимда чиқаётганимни қаердан кўрардингиз?! Ахир мен чиндан ҳам унинг хонасида бўлмаганман, у билан ҳатто юзма-юз ҳам келмаганман. М.Қурбоновни озод қилиш учун А.Пўлатовнинг ташаббуси билан мен кафиллик хатини ИИВнинг вазири номига берганман. Шу куниёқ (ҳукумат, назаримда нима қилишини билмай турган бўлса ажабмас) менга Тягей деган корейс миллатига мансуб ИИВ ходими қўнғироқ қилиб чақирди ва унинг жавобини олиш учун тунги соат 12 гача ИИВ эшигида турганман. Эртасига азонда М.Қурбоновни озод қилиш учун Жиззахга жўнаб кетганман. Сиз эса Тошкентда ва Жиззахда яшаб, ҳатто қўлингизни қўлингизга ҳам урмагансиз!

Менинг юқоридаги ҳаракатларим учун ИИВнинг одами бўлсам, бўлганим бўлсин! Йўқ, яхшиси СНБники бўла қолай. Негаки, баъзи бировлар мени Р.Иноятовнинг аммаси деб ҳам билади. Шуниси қулайроқ ва ишончлироқ Сиз кабиларга.

Мен чиндан ҳам ҳокимият ресторанида юртга ош бердим. Сиз келмаганингиз учун ош ўтмай қолгани йўқ. Аллоҳим насиб қилса кейинги ошларимни ундан-да зиёда жойларда бераман. Насиб қилса, биз чин маънода катта тўйлар қиламиз, юртга ош берамиз, лекин Сизга ўхшаб болаларимизни ташлаб кетмаймиз. Афсус, Исмоил аканинг фарзандларини тишида тишлаб юриши Сизга ўрнак бўлмабди.

Мен Сиздек бекорчи бўлганимда эди, жуда кўп фактларни, рақамларни ва тарихий мисолларни келтиришим, Сизни мулзам қилишим, Сиздан фақат ҳўл кўпик қолишига эришишим мумкин эди. Лекин бундан нима фойда? Фойдаси фақат бизни кузатиб турганлар, биз бир-биримизни ғажиб тугатишимизни пойлаб турганларга асқотади. Назаримда уларга ҳам охирги пайтларда иш қолмади Сизга ўхшаганлар туфайли.

Господин Якубов,

Сизнинг номингиз билан боғлиқ бирон хат-ҳужжатни ўқимасликка ва Сизга бошқа мактуб йўлламасликка сўз беришдан олдин, Сизга «Эзгулик» ва Бирликнинг ғалабасини кўришликни, демакки халқимизнинг чин маънодаги озодликка эришишини кўриш учун ҳам Аллоҳдан тан-сиҳатлик ва узоқ умр тилайман. Гуноҳларингизни сўрайман. Барчамизнинг билиб-билмай қилган гуноҳларимизни ЎЗИ кечирсин.