Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Украинада зарғалдоқ инқилобчилар ҳужумга ўтди, «Бирлик» фаоллари вазиятни кузатишмоқда
Бугун Тошкент вақти билан қоқ ярим кечада Украина президенти Виктор Юшченко мамлакат парламенти – Олий Радани тарқатиб юбориш ҳақида Фармон чиқарди. Сал кам бир йилдан бери давом этаётган мамлакатнинг ҳукумати ва мухолифати ўртасидаги қарама-қаршилик энг юқори нуқтасига чиқди.
Маълумки, 2 йил аввал зарғалдоқ инқилобида ғолиб чиққан Ғарб тарафдори Юшченко-Тимошенко блоки ички низолар туфайли заифланиб ва Россия тарафдори Янукувичнинг қаҳшатғич зарбалари остида қолиб, ҳамма ютуқларини қўлдан бой бера бошлаганди. Жараёнлар шу шаклда давом этса, Янукевич тарафдорлари Юшченкони рамзий давлат раҳарига айлантириш йўлидан кетмоқда эдилар.
Шундай шароитда Юшченко энг тўғри қарор қабул қилди ва ҳокимият тамомийла қўлидан кетишини кутиб ўтирмасдан, ўз ваколатлари доирасида Олий Радани тарқатиб юборди.
Аммо вазият, кутилганидек, янада кескинлашди.
Олий Рада ва Украина ҳукумати Юшченконинг фармонини тан олмасликларини билдириб, у фармонни антиконституцион деб эълон қилдилар ва ўзлари апил-тапил бир қатор антиконституцион қонунлар чиқаришга улгурдилар.
Юшченко тарафдорлари эса, улар асосан Юлия Тимошенконинг одамлари ва зарғалдоқ инқилобининг асосий кучи бўлган “Пора” ташкилоти фаоллари, майдонлардаги кучлари билан президентни ҳимоя қилиб, ҳукумат ва легитимлигини йўқотган парламентни нейтраллаштириш учун ҳаракат бошлаганларини эълон қилдилар.
Одатда бу каби ҳолларда натижа куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган вазирликлар (Мудофаа ва Ички ишлар) қандай йўл тутишларига боғлиқ бўлади. Ҳозирги Мудофаа вазири Анатолия Гриценко Юшченконинг одами, Ички ишлари вазири Арсений Яценюк эса, Янукувич тарафдори.
Мустақил экспертларнинг фикрича, Украинанинг етарлича етук сиёсатчилари радикал қадамлар қилишгача бормайдилар ва вазият тинч йўл билан изга солинади. Аммо, ҳар нарсага тайёр бўлиш керак.
Бир йилча аввал Украинада ўзбек сиёсий қочқинлари кўп эди, уларнинг аксарияти “Бирлик” фаоллари бўлгани ҳам маълум. Уларнинг асосий қисми ўтган йили куз ойларида Епропа мамлакатларига расмий йўл билан кетдилар. Аммо, ҳали ҳам Украинада ўзбек қочқинлари бор.
Юшченконинг Фармони эълон қилингандан кейин “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат партиянинг Украинадаги норасмий гуруҳи раҳбари Улуғбек Зайнобиддиновга телефон қилиб, Киевдаги вазият хусусида гаплашди. “Биз ҳар замон зарғалдоқ инқилобчилар тарафдори бўлганмиз, бизнинг фаолларимиз, хусусан партия раиси ўринбосари Исмоил Дадажон бошчилигидаги гуруҳ, Крешчатикда зарғалодоқ инқилобчилари билан елкама-елка туришган, – деди у. – Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Аммо, сафдошларимиз шу кунларда жуда эҳтиёт бўлишлари шарт. Биринчи навбатда, вазиятни диққат билан кузатиб бориш, керакли қарорларни, лозим бўлса, партия раҳбарияти билан келишиб олиш лозим”. Улуғбек ҳозирча вазият сокин эканлигини, бирликчилар, бутун Украина каби, воқеаларни узлуксиз эшиттириш олиб бораётган телеканаллар орқали кузатишаётганини билдирди.
Партия раҳбари Украинадаги сафдошлари билан доимий алоқада бўлиб туришга ваъда берди.
